Tesla Model Y учун илк бор расмий қуёшдан ҳимоя пардаси тақдим этилди

Tesla компанияси Модел Й электромобилларининг панорамали томи учун ўзининг илк расмий йиғилувчи қуёшдан ҳимоя пардасини тақдим этди. Ҳозирча Хитой бозорида 1499 юан (тахминан 236 АҚШ доллари) нархида сотувга чиқарилган ушбу аксессуар 2025-йилнинг феврал ойидан бошлаб ишлаб чиқарилган автомобиллар учун мўлжалланган. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Янги қурилма панорамали томнинг қоронғулаш даражасини қўлда бошқариш имконини беради. Бу эса ҳайдовчи ва йўловчиларга очиқ осмон манзараси ҳамда қуёш нурларидан ҳимояланиш режимлари ўртасида тезда алмашиш имконини беради. Парда салоннинг шифт қисмидаги матога ўхшаш материалдан тайёрланган бўлиб, металл тутқич ва махсус роликли механизм ёрдамида интерерга уйғунлашади.
Tesla вакилларининг таъкидлашича, аксессуар фойдаланиш вақтида жуда паст шовқин даражасига эга ва ўрнатиш жараёни осонлаштирилган. Ишлаб чиқарувчи хавфсизлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратган: маҳсулот хавфсизлик ёстиқчалари тизими билан мослиги бўйича барча зарурий синовлардан ва йўл тестларидан муваффақиятли ўтган.
Тўплам таркибига қуёшдан ҳимоя пардасининг ўзи, ўрнатиш асбоблари ва маҳкамлагичлар учун декоратив қопқоқлар киради. Конструкциянинг ўлчамлари ва ўрнатиш аниқлигини инобатга олган ҳолда, Tesla ушбу аксессуарни икки киши бўлиб ўрнатишни тавсия қилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!