07:50 / 27.04.2019
9 148

«Gentra» – машина ишлаб чиқармайдиган давлатларда 8000 АҚШ доллари атрофида. Бизда-чи?!

«Gentra» – машина ишлаб чиқармайдиган давлатларда 8000 АҚШ доллари атрофида. Бизда-чи?!
Бугун кўчаларимизни тўлдириб юрган (ҳеч муболағасиз) ўзимизнинг автоуловларни кўриб, дилимиз яйрайди. Фахр билан айтамиз: ўзимизники! Аммо танганинг иккинчи томонида дилга ғашлик соладиган бир жиҳат бор: «ўзимизники» ўзимизга қимматга тушмаяптими?

Келинг, шу ҳақда фикрлашамиз.
Гапни тарихдан бошласак, 1996 йил Асакада «ЎзДЭУ» заводи ишга тушганида барчамиз «Энди хориждан «туя баҳосида от олиб келмаймиз», ўзимизнинг машиналаримизни минамиз», дея хурсанд бўлганимиз бор гап.

Ўшанда завод ишлаб чиқарган «Нексия» автомобилининг нархи 7000 АҚШ доллари атрофида эди. Кейинчалик давлат заводни қўллаб-қувватлаш мақсадида хорижда ишлаб чиқарилган автомашиналарга тўланадиган импорт божхона тўловларини кескин кўтариб юборди. Яъни, нархи 20000 АҚШ доллари бўлган автомобиль учун камида 20000 АҚШ долларига тенг божхона тўловлари белгиланди. Шундай қилиб, энди қиммат бўлса ҳам фақат «ўзимизники»га кунимиз қолди, «борига шукур» қилиб, маҳаллий монополист заводнинг автомобилларини харид қилавердик.

Лекин завод ишлаб чиқараётган автомобилларининг сифати тушиб кетганига қарамасдан, нархларини йилдан-йилга ошираверди. Дилерлик салонларида «шапка» атамаси пайдо бўлди. Унинг миқдори ҳатто 10000 АҚШ долларигача етиб борди. Энг қизиғи, ушбу ноқонуний ишларга йиллар давомида барҳам берилмади...

Ҳозирги кунга келиб номи ўзгарган «GM Uzbekistan» заводи «Laсetti Gentra» русумли автомобилни ички бозорда ўртача 15000 АҚШ долларига сотмоқда. Бундай нарх дунёнинг ҳеч қайси давлатида йўқ. Машина ишлаб чиқармайдиган давлатларда ҳам ушбу автомобиль нархи 8000 АҚШ доллари атрофида. Интернетдаги masmotors.ru сайтига кирсангиз, «Laсetti Gentra» автомобили Москва шаҳрида 6500 АҚШ долларидан 8000 АҚШ долларигача бўлган нархда таклиф қилинаётганини кўриш мумкин.

Нима сабабдан бошқа давлатда арзон сотилаётган ушбу автомобилларни Ўзбекистон аҳолиси ҳам шу нархда сотиб олиш имкониятидан маҳрум этиляпти? Маҳсулотини ички бозорда икки баробар қиммат нархда таклиф қилишдан кўзланган мақсад нима?

Фикримизча, энг асосий монополист – «GM Uzbekistan» заводига берилган имтиёзлар бекор қилиниб, ушбу монополист манфаатларида асоссиз кўтариб юборилган хорижда ишлаб чиқарилган автомашиналарга тўланадиган импорт божхона тўловлари қўшни Қозоғистон ва Қирғизистондаги божхона тўловлари даражасига туширилиши лозим.

Агар шундай қилинса:
Биринчидан, хорижда ишлаб чиқарилган юқори сифатли автомашиналар (Toyota, Mersedes, Volks-wagen, BMW, Audi, ¬Hyundai, Volvo) импортидан давлат бюджетига кўп миқдорда божхона тўловлари келиб тушади. Бу маблағлар «GM Uzbekis¬tan» заводи фаолиятидан давлат бюджетига келиб тушаётган фойда суммасидан анча кўп миқдорни ташкил қилади. Оддий мисолда буни исботлашга ҳаракат қиламиз: Японияда ишлаб чиқарилган «Toyota-Corolla» автомобилининг Бирлашган Араб Амирликларидаги нархи 14000 АҚШ доллари. Шу машина учун Қозоғистонда 7000 АҚШ доллари, Ўзбекистонда эса 14000 АҚШ доллари божхона тўловлари тўланади. «GM Uzbekistan» заводида ишлаб чиқарилган «Laсetti Gentra» машинасидан давлат 20% фойда олса ҳам, бу 3160 АҚШ долларини ташкил қилади. Демак, Ўзбекистонда божхона божлари камайтирилса, ҳар бир олиб келинган «Toyota-Corolla» машинасидан давлат бюджетига 7000 АҚШ доллари миқдорида божхона тўлови тушади. Бу ҳар бир «Laсetti Gentra» машинасидан олинаётган фойдадан икки баробардан ортиқ фойда деганидир.

Иккинчидан, «GM Uzbekistan» заводи маҳсулотларининг нархи тушиб, аҳолимиз анча арзон нархларда автомашиналарни сотиб олиш имконига эга бўлади.

Учинчидан, Ўзбекистонда инвестицион муҳит тубдан яхшиланса, дунёнинг етакчи автомобиль ишлаб чиқарувчилари мамлакатимизда ўз корхоналарини очиш истагини билдириши мумкин.

Гап шу ҳақда кетар экан, маиший техника бозорига ҳам тўхталмасак бўлмайди. Сўз яна бир монополист корхона – «Artel» бренди остида маиший техника воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳақида кетаётганини, албатта, англагандирсиз.

Ушбу корхоналар Хитой ва Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган маиший техника воситаларининг бутловчи қисмларини импорт қилиб, Ўзбекистонда уларни йиғиб, ички бозорда тайёр маҳсулот сифатида сотиш билан шуғулланади.

Ички бозорда «Artel» маҳсулотларининг нархи Хитойдан импорт қилинган худди шу турдаги маҳсулотларнинг нархидан унча катта фарқ қилмайди. Айрим ҳолларда, ҳаттоки, қимматроқ ҳам. Бундан кўринадики, ушбу корхоналар ҳам Ўзбекистон аҳолисини арзон маиший техника воситалари билан тўлиқ таъминлай олмаяпти.

Эътиборли томони шундаки, мазкур корхоналар 2022 йилга қадар маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур бўлган материаллар ва бутловчи қисмларни импорт қилишда божхона тўловларидан (0,2% божхона расмийлаштируви йиғимидан ташқари), шунингдек, фойда солиғи, мулк солиғи ва Республика йўл фондига ажратмаларни тўлашдан ҳам озод этилган.

Шундай экан, унда нима сабабдан ички бозорда «Artel» маҳсулотлари Хитойдан импорт қилинган шу турдаги маҳсулотлардан арзон эмас? «Artel» маҳсулотлари Қозоғистонда Ўзбекистон ички бозоридаги нархлардан камида 30-40 фоиз арзон сотилаётганини қандай тушуниш мумкин? Хитойдан импорт қилинган маиший техника воситаларининг Қозоғистон бозорларидаги нархлари ҳам Ўзбекистон ички бозоридаги шу турдаги маҳсулотлар нархларидан 30-40 фоиз арзон. Нега?

Баён этилган таҳлилдан фақат бир хулоса қилиш мумкин – электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга давлат томонидан берилган имтиёзлар, уларни қўллаб-қувватлаш чоралари кутилган натижани бермаяпти.

Хорижда ишлаб чиқарилган маиший техникага белгиланган асоссиз юқори импорт божхона тўловларининг Қозоғистондаги божхона тўловлари даражасига туширилиши ушбу маҳсулотларнинг Ўзбекистон ички бозоридаги нархлари пасайишига олиб келади. Электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга берилган имтиёзлар ва давлат томонидан қўлланган қўллаб-қувватлаш чоралари бекор қилинса, Ўзбекистон ички бозорида соғлом рақобат муҳити шаклланади.

Демак, «Artel» компанияси ҳам бутловчи қисмларни импорт қилишда камайтирилган божхона божларини тўлаб, соғлом рақобат муҳитида ўз маҳсулотларининг ички бозордаги нархини туширишга мажбур бўлади. Бу, ўз навбатида, аҳолининг тўлов қобилияти, яъни ички бозор салоҳиятини янада оширади. Импорт қилинган ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар нархининг ички бозорда арзонлашиши қўшни давлатлардан ушбу маҳсулотларни сотиб олиб киришга бўлган эҳтиёжни ўз-ўзидан йўқотади.

Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури ва ҳажми кўпайиши, аҳоли даромадлари, яъни тўлов қобилияти, шунингдек, экспорт ошиши миллий валютамиз қадри юксалишига асос бўлиши эса натижаларнинг энг аҳамиятлисидир.
Абдураҳмон Ҳамидов,
ҳуқуқшунос

Манба: “Ishonch” газетаси

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » «Gentra» – машина ишлаб чиқармайдиган давлатларда 8000 АҚШ доллари атрофида. Бизда-чи?!