09:36 / 05.07.2019
8 702

Ҳайдовчилар учун қизиқ: орқа эшикка парда ўрнатса бўладими?

Ҳайдовчилар учун қизиқ: орқа эшикка парда ўрнатса бўладими?
Фото: «walmart.com»
Шу десангиз муҳокама учун қизиқ бир мавзу бор, қўпол қилиб айтганда, яна бир «лазейка» чиқиб қолди. Кун.уз сайтида шу мавзуда эълон қилинган мақолам 1 суткада салкам 100 минг марта ўқилибди.

Масалани қисқароқ тушунтираман.

Муаммо шундаки, юртимиздаги ҳайдовчилар ва йўловчиларга жазирамадан ҳимояланишнинг етарли имконияти яратилмаган. Тонировкага рухсат берилсин, деб петиция қилишганди, Ҳукумат бунга жавобан «мана, олинглар» дедию, 1 йилга 18 млн сўм эвазига тонировка жорий қилди.

Депутатларимиз қўллаб-қувватлаган қонун билан эса рухсатсиз тонировка учун жаримани 200 минг сўмдан 5 млн сўмгача оширишди (25 баравар!). Иссиқдан фарзанди ёки оиласини ҳимоя қилмоқчи бўлган отани ўта хавфли рецидив жиноятчи деб ўйлашяпти шекилли.

Майли, бу бошқа мавзу. Ҳозир гап орқа эшикка ўрнатиладиган парда ҳақида.

Орқа эшикка парда ўрнатган ҳайдовчилар (гарчи парда тушириб қўйилган бўлса ҳам) МЖтК 126-моддаси билан жавобгарликка тортилмоқда. Аммо ҳуқуқшунос сифатида бу нотўғри жазо эканлиги, қонунчилигимизда орқа эшикка парда ўрнатганлик учун жарима йўқлигини таъкидлаяпман. Бунинг ҳуқуқий асоси қўйидагича:

1) орқа эшикка парда ўрнатганларни МЖтК 126-моддасида қайд этилган «ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган транспорт воситаларидан фойдаланиш» деган қисми билан жазолашади;

2) Хўш, «ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атроф» (русча вариантида «обзорность с места водителя») деганда қайси ҳудудлар тушунилади? Миллий қонунчилигимизда «ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атроф» деган атамага таъриф берилмаган;

3) лекин бу таърифни Ўзбекистон номидан «Ўзстандарт» агентлиги имзолаган ва биз учун расман амал қиладиган давлатлараро стандарт (ГОСТ 33988-2016) ичидан топса бўлади;

4) ўша стандартнинг 2.12 бандига мувофиқ, ҳайдовчининг жойидан теварак-атроф кўриниши майдонининг устки чегараси деб, ҳайдовчи кўзлари ва жами майдонининг остки чегарасини ташкил қиладиган 180 градус секторда олд кўринишнинг шартли майдони ҳисобланади;

5) демак, давлатлараро стандартга кўра, орқа эшик ҳайдовчининг жойидан теварак-атроф ҳудудига кирмайди, чунки у 180 градус майдонда жойлашмаган. Пастда илова қилинган суратга қарасангиз, буни янада яхшироқ тасаввур қилиш мумкин;

6) ўз-ўзидан орқа эшик ҳайдовчининг жойидан теварак-атроф ҳудудига кирмаса, демак мантиқан олиб қараганда орқа эшикка парда ўрнатганлик учун жарима ҳам қўллаб бўлмайди;

7) миллий қонунчиликда орқа эшикка парда ўрнатиш мумкин эмас, деган конкрет тақиқловчи қоида мавжуд эмас;

8) умумий техник регламентнинг 74-бандида енгил автотранспорт воситаларининг орқа ойнасига чий парда ва дарпарда ўрнатишга рухсат этилгани ёзилган. Кўпчилик мана шу жойда чалғийди. Яъни шу бандда орқа ойна айтилган, аммо орқа ён ойнага (орқа эшик) рухсат берилади дейилмаганку, деб иккиланади. Ҳа, тўғри, ҳеч қаерда орқа эшикка парда ўрнатишга рухсат берилсин, деган жойи йўқ, аммо юқоридаги 7-бандда таъкидланганидек, тақиқлансин деган жойи ҳам йўқ-да!

ҚАТЪИЙ ЭСЛАТМА: юқоридаги гаплар менинг шахсий фикрим бўлиб, расмий мақомга эга эмас. «Хушнудбек орқа эшикка парда ўрнатиш мумкин, дебди», дея ўзбошимчалик қилиб, 5 млн сўм жарима тўлаб ўтирманг.

Мақола юзасидан мутасаддиларнинг тезкор муносабати ва асослантирилган фикрларини кутиб қоламиз. Зора, қонунчиликни халқнинг зиёнига эмас, балки фойдасига талқин қилиб, юзлаб давлатларда бўлгани каби, ҳайдовчиларга орқа эшикка парда ўрнатишга рухсат бериб юборишса. Орзуга айб йўқ! Мақсад жазирамадан сақланиш холос, мақтанчоқлик қилиш эмас-ку!

Қўшимча

Мақолани тайёрлаш чоғида интернетда ИИВ ЙҲХББ бошлиғи Холматжон Сайдалиев имзоси билан ҳудудий бошқармаларга чиқарилган хат тарқаб кетди.

Хатда транспорт воситалари ён ойналарини сочиқ ёки қуёшни тўсувчи бошқа материаллар билан вақтинча ёпиб қўйилган ҳолатлар юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилмаслик ҳақида кўрсатма берилган. Хатнинг ҳақиқийлиги ҳақида ишончли далиллар мавжуд.

Ушбу хат ҳам юқоридаги фикримизни қисман исботлаб турибди. Хатдан кўринадики, машинанинг (у хоҳ узоқ йўлга, хоҳ яқин йўлга юраётган бўлсин) ён ойналари сочиқ ёки бошқа материаллар билан тўсилган бўлса, бу ҳаракатга ҳеч қандай хавф келтириб чиқармайди ва жаримага ҳам тортилмайди.

Мантиқий хулоса қилиш мумкинки, орқа эшикка ўрнатиладиган пардалар ҳам хавф туғдирмайди. Чунки одатда орқа эшикдаги пардалар ҳам сочиқ каби вақтинчалик бўлади, яъни қачон керак бўлса (жазирама иссиқда) кўтариб қўйилади, қуёш йўқ пайтда тушириб (олиб) қўйилади.

Майли, расмийларнинг муносабатини кутайликчи, нима дейишаркин...
Хушнудбек Худойбердиев

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Ҳайдовчилар учун қизиқ: орқа эшикка парда ўрнатса бўладими?