10:13 / 09.11.2020
2 791

Equinox Ўзбекистонда қарийб 34 минг доллардан сотилмоқда, UzAuto Motors эса уни АҚШ компаниясидан 22,8 минг долларга сотиб олади

Equinox Ўзбекистонда қарийб 34 минг доллардан сотилмоқда, UzAuto Motors эса уни АҚШ компаниясидан 22,8 минг долларга сотиб олади
Фото: General Motors
UzAuto Motors компанияси 2020—2021 йилларда Ўзбекистонга жами 8750 дона Chevrolet Equinox автомобилини етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган. Бу ҳақда, Давлат харидлари порталидаги очиқ маълумотларга асосланиб, «Gazeta.uz» хабар бермоқда.

General Motors Overseas Distribution LLC билан шартнома 2019 йил 27 ноябрда имзоланган. Келишувнинг қиймати 199,9 миллион доллар ёки ушбу моделдаги ҳар бир машина учун тахминан 22 845,9 долларни ташкил этади (нарх CIP/CPT бўйича кўрсатилган).

Айни вақтда, UzAuto Motors компанияси Equinox’ни Ўзбекистон бозорида 349 миллион сўм (Марказий банкнинг 8 ноябрдаги курси бўйича 33 664,9 доллар)дан сотмоқда — бу автомобилнинг импорт нархидан 10 819 долларга ёки 47 фоизга кўп.

Скриншот: «Exarid.uzex.uz»

Бундан ташқари, UzAuto Motors 2020 йил 10 апрелда GM Korea Company билан Malibu (1.5T/2.0T LT/ 2.0 T LTZ) харид қилиш бўйича 57,3 миллион долларлик шартнома ҳам тузган. Шартномада автомобиллар сони ва нархи кўрсатилмаган.

Аввалроқ, октябрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Расул Кушербаев, Дониёр Ғаниев ҳамда Бекмирза Эшмурзаев UzAuto Motors ва Жиззах автомобиль заводига машиналарни импорт қилишда ва утилизация йиғими бўйича берилган имтиёзлар юзасидан батафсил ахборот бериш талаби билан Молия вазирлиги ва Давлат божхона қўмитасига сўров юборган эди. Мазкур сўровга Давлат божхона қўмитаси тақдим этган маълумотлар фақат танишиш учун берилгани, махфий деб белгилангани учун бу маълумотларни ошкор қилиб бўлмаслиги маълум бўлди.

2019 йил июлида янги Chevrolet Onix седани ва UzAuto Motors’нинг бошқа моделлари, хусусан, Damas, Lacetti, Spark, Nexia ва Cobalt’ни нечоғлиқ маҳаллийлаштириш режалаштирилаётгани маълум бўлган эди.

Ўшанда Onix’нинг хорижда ишлаб чиқарилган деталлари қиймати 2300 долларга, маҳаллий эҳтиёт қисмлари эса 4200 долларга, Lacetti’ники — мос равишда 4319 ва 2938 долларга, Spark’ники — 2393 ва 2984 долларга, Nexia’ники — 2995 ва 3500 долларга, Cobalt’ники — 2656 ва 3488 долларга ҳамда Tracker’ники — 4000 ва 6400 долларга баҳоланган эди. Таъкидлаш жоиз, автомобилнинг якуний қийматига логистика харажатлари, ишчилар меҳнати, банк кредитлари ва бошқа харажатлари таъсир қилади.

Маълумот учун, 2019 йил якунларига кўра UzAuto Motors компанияси 2,65 триллион сўм миқдорида соф фойда олган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Equinox Ўзбекистонда қарийб 34 минг доллардан сотилмоқда, UzAuto Motors эса уни АҚШ компаниясидан 22,8 минг долларга сотиб олади