3 326
Усмон Юсуповни олиб юрган Mercedes-Benz 770K – Ҳитлернинг автомобили Ўзбекистонга қандай келиб қолган эди?
Фото: 24tv.ua
Москва вилоятида жойлашган Архангелск шаҳарчаси ўзининг Техника музейи билан анча машҳур. Бу музейда турли техникалардан иборат 1000 дан ортиқ қимматбаҳо экспонатлар сақланади. Улар орасида тарихий шахслар фойдаланган, шу жумладан, аввалига Ҳитлер, уруш тугагандан сўнг Усмон Юсуповни олиб юрган Mercedes-Benz 770К автомобили ҳам бор.
Дунёдаги турли кимошди савдоларида таниқли шахслар фойдаланган автомобиллар жуда қиммат нархларда сотилади. Агар улар тарихий бўлса нарх янада баланд бўлади. Гарчи дунё фашизмининг «отаси» бўлса ҳам, Адолф Ҳитлер минган ҳашаматли машиналар ҳам бундан мустасно эмас. Унинг автомобиллардан бири бўлган Mercedes-Benz 770K бугун Москва вилоятида хусусий коллекционер Вадим Задоржнийнинг техника музейида сақланади.
Ана шу автомобиль бир пайтлар Ўзбекистон раҳбари бўлиб ишлаган Усмон Юсуповни ҳам олиб юрган. Усмон Юсупов автомобилни ўз ҳайдовчисига совға қилгач, Mercedes-Benz 770K оддий ўзбек оиласига яна бир неча йил хизмат қилган. Сўнг россиялик коллекционер тарихий автомобил ҳақида хабар топиб уни олиб кетгунча Mercedes-Benz 770K узоқ йиллар носоз ҳолда бостирмада сақланган. Хўш, Ҳитлерга тегишли автомобиль Ўзбекистонга қандай келиб қолган эди?
Германия автосаноатининг дурдонаси
Mercedes-Benz 770K ўз вақтида Германия автосаноати лидерларидан бири бўлган Mercedes-Benz автоконцернининг энг ҳашаматли автомобилларидан бири бўлган. Бу турдаги зирҳланган автомобиллар нафақат Адольф Ҳитлер ва унинг яқин сафдошлари бўлган Ҳерман Геринг, Пауль фон Гинденбург кабиларга балки, Япония императори Хирохито, Рим Папаси, Норвегия қироли ва Испания диктатори Франсиско Франко кабиларга ҳам хизмат қилган.
Фото: alamy.com
Кабриолет ва лимузин модификацияларда ишлаб чиқарилган Mercedes-Benz 770K Ҳитлернинг энг севимли автомобилларидан бири бўлган. Унинг гаражида бу турдаги автомобилларнинг бир нечта модели сақланган.
Mercedes-Benz 770 моделлари орасида энг қиммат ва ҳашаматлиси Mercedes-Benz Typ 770 модели эди. Бу моделнинг узунлиги 6 метр бўлган ва шу туфайли у «Großer Mercedes», «Катта Мерседес» деб аталган.
Ушбу автомобил аввалига 170 от кучига эга двигател билан ишлаб чиқарилади. Сўнг компрессор ёрдамида уни 250 от кучига эга двигателга айлантиришади ва автомобил Mercedes-Benz 770К деб номланади.
Ҳитлер бу турдаги ишлаб чиқарилган илк автомобилни кўриб ёқтириб қолади ва унинг лимузин ва кабриолет вариантидан бир нечта буюртма беради.
Фото: blitz.bg
Ҳитлерга Mercedes-Benz 770К нинг ўқ ўтмайдиган вариантини янада ҳашаматли қилиб тайёрлаб беришади. Ўшанда автомобилга ички тарафдан 5 миллиметрли пўлат қоплама қопланади.
Ўша пайтда Mercedes-Benz 770К нинг ҳар бир донаси 44 500 маркага баҳоланган. Солиштириш учун, ўша йилларда Volkswagen Käfer («Қўнғизча») 990 марка, Opel Kadett 2100 марка сотилган.
Ҳитлер ушбу автомобилдан асосан бошқа шаҳарларга ва босиб олинган ҳудудларга борганда фойдаланган.
Mercedes-Benz 770К Болқонда
Босиб олинган ҳудудларга қилинган ана шундай сафарлардан бирида 1943 йилда Ҳитлер Mercedes-Benz 770К автомобилини ўзи билан иттифоқдош бўлган Хорватия раҳбари Анте Палевичга совға қилади. Шу тариқа Ҳитлернинг Mercedes-Benz 770К турдаги автомобилларидан бири Болқон яриморолига бориб қолади. 1945 йилда Хорватия фашистлардан озод қилингач, автомобиль Югославия Озодлик Армияси қўмондони Иосиф Броз Тито ихтиёрига ўтади.
Сталинга совға
Хорватия ва унга қўшни бўлган республикалар урушдан сўнг ягона иттифоқ – Югославия социалистик федератив республикасига бирлашади. Янги ташкил этилган давлатга Иосиф Тито раҳбар бўлади. Тарихдан маълум, Иосиф Тито СССР раҳбари Иосиф Сталин билан яхши муносабатда бўлган. Шу туфайли у ҳашаматли Mercedes-Benz 770К ни Сталинга совға қилади.
Табиийки, Сталин «фашизм доҳийси» фойдаланган Mercedes-Benz 770К дан фойдаланишни хоҳламайди. Қолаверса, унда зирҳланган ЗИС-115 лимузини бор эди. Шу сабабли Ҳитлернинг ҳашаматли автомобили Кремл гаражида узоқ сақланмайди.
Mercedes-Benz 770К Ўзбекистонда
Орадан бироз ўтиб, Сталин Mercedes-Benz 770К автомобилини Ўзбекистон ССР Компартияси Марказий Қўмитаси биринчи котиби Усмон Юсуповга совға қилади. Шу тариқа Адольф Ҳитлер фойдаланган автомобил Ўзбекистонга келиб қолади.
Усмон Юсупов ҳам бу автомобилдан узоқ вақт фойдаланмайди. Ўша пайтда бу автомобилнинг эҳтиёт қисмларини умуман топиб бўлмас, унинг бирон жойи бузилганда тузатиш учун анча сарсон бўлишарди. Шу сабабли Усмон Юсупов Mercedes-Benz 770К ни ўзига хизмат қилган шахсий ҳайдовчисига бериб юборади. Ҳитлерга хизмат қилган зирҳланган Mercedes-Benz 770К оддий ҳайдовчининг мулкига айланади.
Mercedes-Benz 770К нинг янги эгаси ундан қишлоқ хўжалиги ишларида фойдалана бошлайди. Аммо эҳтиёт қисмларнинг топилмаслиги уни ҳам қийнаб қўяди. Шунда у Mercedes-Benz 770К нинг носоз бўлган қисмига СССРда чиққан автомобилларнинг эҳтиёт қисмларидан мос тушадиганини қўйиб бораверади.
Одатдаги кунлардан бирида автомобиль яна бузилади. Эгаси анча уриниб ҳам уни тузата олмайди ва ҳовлисининг бир четига киритиб қўяди. Шу тариқа ўз вақтида Ҳитлер фойдаланган ҳашаматли автомобиль 2000-йилларгача қаровсиз ҳолда қолиб кетади.
«Зар қадрини заргар билар» – автомобил Россияда
Сталинга совға қилинган, сўнг Усмон Юсуповга бериб юборилган Mercedes-Benz 770К автомобилининг тарихидан айрим рус коллекционерлари хабардор бўлган.
Фото: yaplakal.com
Улардан бири ретро техникалар ишқибози, хусусий коллекционер Вадим Задоржний эди. 2002 йилда у ўз ёрдамчилари билан Ҳитлернинг қимматбаҳо автомобилини излаб Ўзбекистонга келади. Улар сўраб-суриштириб ахийри Mercedes-Benz 770К ни топади.
Фото: pikabu.ru
Фото: pikabu.ru
Автомобилнинг ташқи ва ички кўриниши кўп ўзгаришларга учраган бўлса ҳам унинг шасси ва двигатель рақамларига зарар етмаган эди. Вадим Задоржний Ҳитлернинг автомобилини ана шу рақамлар орқали топиб олади.
Фото: pikabu.ru
Фото: pikabu.ru
Задоржний автомобилни эгасидан «сувтекин»га сотиб олади ва дарҳол Россияга жўнатади. Табиийки, Задоржнийга автомобилни сотган одам унинг Ҳитлерга тегишли бўлганини ва қиммат нархга баҳоланишини умуман билмаган.
Автомобилни асл ҳолатига келтириш
Mercedes-Benz 770К Россияга етиб боргандан кейин уни Задоржнийнинг устахонасида батафсил кўрикдан ўтказишади. Ўшанда унга кўплаб эҳтиёт қисмлар кераклиги маълум бўлади.
Фото: pikabu.ru
Ўша йили Задоржний ва унинг ёрдамчилари бутун дунё бўйлаб Mercedes-Benz 770К нинг оригинал эҳтиёт қисмларини қидиришни бошлашади. Уларга керакли бўлган автомобилнинг двигатели, узатма қутиси ва яна бошқа кўплаб эҳтиёт қисмларнинг аксарияти Германиядан топилади.
Задоржний бошчилигидаги гуруҳ, Mercedes-Benz 770К нинг эҳтиёт қисмларини топишда жуда кўп муаммоларга дуч келади. Маълум бўлишича, эски қимматбаҳо автомобилларнинг оригинал эҳтиёт қисмларига харидор кўп экан. Шу учун ҳам эҳтиёт қисмларни қўлга киритиш учун анча тер тўкишга тўғри келади. Бунинг устига Mercedes-Benz 770K автомобилидан ўз даврида 100 дона атрофида чиқарилгани унинг эҳтиёт қисмларини топишни янада қийинлаштиради.
Фото: pikabu.ru
Фото: mymsk.online
Задоржний Mercedes-Benz 770K нинг двигателини Германиядан топади ва дарҳол уни сотиб олади. Шунда двигателга немис коллекционери ҳам харидор бўлгани ойдинлашади. Двигателни Россияга олиб келганидан сўнг, ўша немис унинг ортидан Вадимнинг устахонасигача келади. У қўлдан чиқарган двигателини обдан томоша қилгач, «бурни остидаги двигателни илиб кетган» Задоржний билан жанжаллашади. Коллекционер уни амаллаб юпатади ва юртига жўнатиб юборади.
14 йиллик меҳнатдан кейин Задоржний ва унинг ёрдамчилари Mercedes-Benz 770К автомобилининг 90 фоизини тиклашади.
Бугун Mercedes-Benz 770К автомобилидан дунёда беш дона сақланиб қолган. Уларни ҳар бирининг нархи бир неча миллион долларни ташкил этади. Шу жумладан, Ўзбекистондан олиб кетилган Mercedes-Benz 770K автомобилининг нархи ҳам миллион доллардан ошиққа баҳоланади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»