Одамларимиз ҳою ҳавасли, эртанинг умидида тинмай куймаланадиган. Халқимиз турмуш тамойилидаги муштараклик, айниқса, янги машина атрофида яққол кўзга ташланади. Кўча-кўй, ёру биродарлар орасида «мойи билан» машина минишга нима етсин?! Орзу ўз йўлига, реал ҳаётий ҳақиқат кўз юмган билан ўз-ўзидан йўқолиб қолмайди.
Халқимизнинг машиналарга эҳтиёжи қай даражада қондириляпти?
Айнан шу мақсадда 14 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида машинасозлик саноатида амалга оширилаётган ишлар ва 2022 йилдаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Президент «Ўзавтосаноат» АЖ раисига ишлаб чиқаришни ошириш ва аҳолиининг талабини тўлиқ қондириш бўйича тинимсиз ишлаши шартлиги ҳақида кўрсатма бериб, машинасозлик тармоғи саноатнинг «драйвер» соҳаларидан бири бўлиши кераклигини таъкидлади. Мажлисда беш йиллик Тараққиёт стратегиясида автомобил ишлаб чиқаришни 1,4 баробарга ошириш ва шу муносабат билан 1 майга қадар автомобил харидидаги навбатларни тўлиқ бартараф этиш, «UzAuto Motors» автомобиллари учун олдиндан тўлов миқдорини 85 фоиздан 50 фоизгача пасайтириш вазифаси қўйилди.
Йиллар давомида автомобил олувчиларни бездириб юборган «шапка»ларга ниҳоят барҳам бериш масаласи кўтарилиб, «Ўзавтосаноат» АЖ раисига бир ҳафта муддатда автомобил савдосида очиқ-ошкора ва инсон омилидан холи тизимни йўлга қўйиб, сунъий навбатлар ва коррупцион ҳолатларни таг-томири билан йўқ қилиш учун шахсий жавобгарлик юкланди.
Шу билан бирга, йиғилишда Вазирлар Маҳкамасига уч кун муддатда импорт автомобиллари учун божхона божи ставкаларини 2 баробарга (30 фоиздан 15 фоизга) пасайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритишга топшириқ берилди. Бу ҳам, ўз навбатида, талабга кўра, хорижий автомобиллар сотиб олувчилар имкониятини янада оширишга қаратилган.
Маълумки, жаҳон автомобилсозлик бозори талаб ва эҳтиёж устуворлиги тамойилига қурилган. Мижоз талаби доим биринчи ўринда, ишлаб чиқарувчи шунга мослаб ўз маҳсулотини сотувга чиқаради. Бизда эса аксинча, тескари тизим ишлаб, мижоз ишлаб чиқарувчининг талабига мослашар, пули етган автосалондан машина олар, қолганлар эса қайтиб кетарди.
Ўша «тарвузи қўлтиғидан тушган» мижозларнинг талаби бирор марта ўрганилдими?
«UzAuto Motors» компанияси масъуллари энди бир кабинетдан чиқиб, аҳоли эҳтиёжини, ҳайдовчилар талабини ўрганса, сўровномалар ўтказса, шундан келиб чиқиб, ички бозорни таъминлашни йўлга қўйса. Орзуга айб йўқ...
Ҳамон харидоргир ва «жони қаттиқ» деб таърифланадиган «Nexia-1» ёки «Tico»га ўхшаган арзон машиналар замонавийлаштириб чиқарилса. Орзуга айб йўқ...
Мамлакатимиз аҳолисининг катта қисми ўртаҳол. Шу пайтгача уларнинг талабини кимдир ўргандими? Кейинги йилларда ишлаб чиқарувчи ички бозорга фақат бир биридан қиммат, унча мунча одамнинг чўнтаги кўтармайдиган моделларни тақдим этди. Бу йўлтанламас машинадан сотиб олиш учун пул тў(п)лашга бюджетдан неча йил маош олиш керак?
Агар «UzAuto Motors» Ўзбекистон саноатининг «драйвер»ига айланмоқчи бўлса, аввало, ички бозорда маркетинг ишларини тўғри йўлга қўйиши, одамлар орасида бўлиши тақозо этилади. Зеро, компаниянинг ҳар сафарги тақдимотини миллионлаб халқимиз орзиқиб кутади, ҳар бир автоҳаваскор ниҳоят ўз «орзу машинаси» калити қўлида бўлишини истайди. Орзуга айб йўқ...
Шуҳрат Нормуродов
Манба: Xabar.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
АҚШ ва Россия Исроил ҳамда “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги келишувда воситачи бўлади