07:00 / 21.07.2022
1 526

Елена Зеленская АҚШ конгрессида чиқиш қилиб, кўпроқ қурол беришларини сўради

Елена Зеленская АҚШ конгрессида чиқиш қилиб, кўпроқ қурол беришларини сўради
Фото: Getty Images
Украинанинг биринчи хоними Елена Зеленская АҚШ конгрессида чиқиш қилди ва қонун чиқарувчиларни мамлакатни Россия агрессиясидан ҳимоя қилиш учун Украина қуролли кучларига ҳарбий ёрдам кўрсатишга чақирди.

Зеленская украин тилида нутқ сўзлади. Конгресс аъзолари уни олқишлар билан қарши олишди. У нутқи аввалида бу Америка конгрессида бошқа мамлакат президенти рафиқасининг илк бор чиқиш қилиши эканлигини қайд этди.

Зеленскаянинг нутқи аввали Россия агрессияси пароканда қилган оилалар, болалар ва тинчликка бағишланди. У Россия зарбаси оқибатида ҳалок бўлган ва тинч украиналикларнинг уқубатлари тимсолига айланган винницалик қизалоқ Лиза акс этган видеони намойиш этди. Шунингдек, Зеленская Кременчугга берилган зарба қурбонлари ҳамда Россия агрессиясининг бошқа кўплаб қурбонлари тасвирланган фото ва видеоларни кўрсатди.

"Умумий қадриятларимиз, ҳаётимиз ва мустақиллигимиз учун курашимизда АҚШ биз билан бирга эканлигидан миннатдормиз. Россия ўлдирмоқда – АҚШ қутқармоқда", - деди у.

Украинанинг биринчи хоними конгрессменлардан Украинани ҳимоя қилиш учун қуролли кучларга қурол ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етказиб беришни давом эттиришни сўради.

"Украина халқига қарши террорни тўхтатишга ёрдам беринглар", - деди у.

Зеленская Украина ҳукуматида ҳеч қандай расмий лавозимга эга эмас, аммо урушнинг тўрт ойи давомида сиёсатчилар, жамоат ташкилотлари ва журналистлар билан ўз даражасида мулоқот олиб бормоқда.

АҚШнинг мисли кўрилмаган ёрдами
Киев Ғарбдан иложи борича кўпроқ ҳажмда ёрдам олиш учун барча имкониятлардан фойдаланмоқда.

Тўрт ой аввал Украина президенти Владимир Зеленский ҳам Киевга қўшимча ҳарбий техника тақдим этишларини сўраб конгрессга мурожаат қилганди.

Россия тажовузидан сўнг Америка конгресси Украинага қарийб 40 млрд долларлик мисли кўрилмаган ёрдам пакетини маъқуллади. Бу миқдорнинг катта қисми ҳарбий эҳтиёжларга, қолгани инфратузилмани тиклаш ва Европадаги қочқинларга ёрдам кўрсатишга мўлжалланган.

Елена Зеленская ташрифи давомида АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги раҳбари Саманта Пауэр билан ҳам учрашди. Агентлик Украина ҳукуматини қўллаб-қувватлаш ва гуманитар эҳтиёжлар ҳамда Россия агрессияси туфайли юзага келган глобал озиқ-овқат етишмовчилигига қарши курашиш учун миллиардлаб доллар ажратган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Елена Зеленская АҚШ конгрессида чиқиш қилиб, кўпроқ қурол беришларини сўради