23:26 / 30.07.2022
1 422

Оқ уй: Жо Байден 2024 йилда қайта сайланишни режалаштирмоқда

Оқ уй: Жо Байден 2024 йилда қайта сайланишни режалаштирмоқда
Фото: Getty Images
АҚШда ялпи ички маҳсулот тушиши, баланд нархлар ва инфляция ўсиши фонида рейтинги пасайиб кетаётганига қарамай, АҚШ президенти Жо Байден барибир 2024 йилда қайта сайланишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер матбуот анжумани чоғида маълум қилди, деб ёзади «РБК».

«Президент 2024 йилги сайловларда қатнашмоқчи», — деди у сайловгача ҳали кўп вақт борлигини айтиб қўшимча изоҳлардан тийилар экан. Савол берган журналист қайд этишича, баъзи сўровлар маълумотларига кўра, демократларнинг атиги 26 фоизи Байденни яна президент лавозимида кўришни хоҳлаган бўларди.

Июль ўрталарида АҚШ Меҳнат вазирлиги мамлакатда истеъмол нархлари йиллик ҳисобда 9,1 фоизга ўсиб, истеъмол инфляцияси 8,8 фоизга тенг бўлишини кутган экспертларнинг прогнозларидан ҳам ошиб кетганини маълум қилди. Шу билан бирга, таянч инфляция (озиқ-овқат ва ёнилғидан ташқари маҳсулотлар ва хизматлар нархининг ошиши) 5,9 фоизни ташкил этди, бу 1981 йилдан буён максимал кўрсаткич демакдир.

АҚШда нархлар коронавирус пандемияси давридаёқ ўсишни бошлаган эди, ҳозир эса уларга геосиёсий омиллар ҳам таъсир ўтказмоқда: хусусан, бензин нархлари билан боғлиқ вазият март бошида Россия нефти ва газига эмбарго киритилганидан кейин ёмонлашди. АҚШда иқтисодий пасайиш тан олинмоқда, аммо вазият рецессиягача бориб етмаслиги айтилмоқда — шу жумладан, Байденнинг ўзи ҳам шундай деганди. 28 июль куни АҚШ Савдо вазирлиги эълон қилишича, дастлабки маълумотларга кўра, мамлакат ЯИМ кетма-кет икки чорак пасайиб келган.

Шундай вазиятда Байден ва унинг маъмурияти рейтинги тушмоқда. CNN телеканали ўтказган сўровга кўра, демократларни қўллаб-қувватлайдиган респондентларнинг 75 фоизи 2024 йилда Демократлар партиясидан бошқа бир номзод илгари сурилишини хоҳлашини айтган. Айни пайтда, Байденни президетн лавозимида кўришни истамайдиганлар 32 фоизгача кўпайган (аввалроқ 16 фоиз эди).

Байден АҚШнинг 46-президенти сифатида ўз лавозимига 2020 йил охиридаги сайловда ғолиб чиққанидан кейин, 2021 йил январида киришди. У ўзидан аввалги давлат раҳбари Дональд Трампнинг бир қатор фармонларини, хусусан, мамлакатнинг миграция сиёсатига алоқадор ҳужжатларни бекор қилди. Шунингдек, Байден коронавирусга қарши курашни кучайтирди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Оқ уй: Жо Байден 2024 йилда қайта сайланишни режалаштирмоқда