Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси яқин вақт ичида Тайван маркази Тайбэй шаҳрига ташриф буюради. Унинг бу ерга келиши ҳақида расман анонс қилинмаган.
Айни вақтда Пелосининг самолёти Тайван ҳаво кенгликларига кирган, унга Тайван қирувчи самолётлари ҳамроҳлик қила бошлаган.
Бу АҚШнинг бу каби юқори мартабали амалдори сўнгги ўн йилликларда илк бор Тайванга келиши бўлади.
Спикернинг ушбу орол давлатга ташриф буюриш бўйича режалари оролни ўзининг ажралмас қисми деб ҳисоблайдиган Хитойда кескин норозилик уйғотди ва расмий Пекин томонидан таҳдидлар янграй бошлади, шунингдек, Пелоси ва ушбу ташрифни маъқулламаган президент Байден ўртасида тушунмовчилик юзага келди.
ХХР расмийлари бир неча бор Вашингтонни бундай ташриф оқибатларидан огоҳлантирди, сешанба куни эса АҚШ бунинг учун тўлов қилишини билдирди.
Эълон қилинмаган ташриф
Пелоси хоним сешанба куни Малайзияга келди, Осиё бўйлаб турне бир кун олдин Сингапурдан бошланганди. Унинг офисида у Жанубий Корея ва Японияга ҳам боришини маълум қилишган, аммо Тайванга ташриф тилга олинмаган.
Reuters агентлиги вазиятдан хабардор манбаларига таяниб хабар беришича, Пелоси чоршанба куни фаоллар билан учрашишни режалаштирган. Учрашув, катта эҳтимол билан Нью-Тайбэйдаги Инсон ҳуқуқлари миллий музейида ташкиллаштирилади.
Пелосининг учрашувларининг катта қисми, хусусан Тайван президенти Цай Инвэн билан учрашуви чоршанба кунига режалаштирилган.
Тайван ташқи ишлар вазирлиги Пелосининг ташрифи ҳақидаги хабарларни изоҳламаган.
«Бориш ҳуқуқига эга»
Пелосининг ташрифи - Оқ уй учун катта дипломатик бош оғриқ бўлди. Президент Жо Байден айни вақтда америкалик ҳарбийлар Пелосининг Тайванга ташрифи «унча ҳам яхши ғоя эмас деб ҳисоблаши»ни айтганди.
Нэнси Пелоси - АҚШ ҳокимият тузилмасидаги учинчи рақамли шахс ҳисобланади. Давлат раҳбари ва вице-президент ўз мажбуриятларини бажаришга лаёқатли бўлмай қолган тақдирда, мамлакат бошқаруви Вакиллар палатаси спикери қўлига ўтади.
Байденнинг маъмурияти Пелосининг оролга ташрифини расман қўллаб-қувватламаган. Аммо душанба куни Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби Пелоси Тайванга бориш ҳуқуқига эгалиги, Оқ уй эса АҚШ Конгресси мустақиллигини ҳурмат қилишини айтди.
«Спикер Тайванга ташриф буюриш ҳуқуқига эга. АҚШнинг кўп йиллик сиёсатига мувофиқ, Пекинда ушбу эҳтимолий ташрифни қандайдир инқирозга айлантириш учун ҳеч қандай сабаб йўқ», деди у журналистларга.
Кирбининг сўзларига кўра, Пелосининг эҳтимолий ташрифи АҚШнинг Тайванга нисбатан сиёсатини ўзгартира олмайди ва Пекиндагилар АҚШ ҳокимиятидаги ваколатлар тақсимланиши Пелоси ташриф бўйича мустақил қарор қабул қилишини англатишини тўғри тушуниши керак.
У Пелоси Америка ҳарбий-ҳаво кучлари самолётида сафар қилаётгани, ва бу - Вашингтон тўғридан тўғри ҳужумдан хавфсирамаётган бўлса-да, нотўғри ҳисоблаш ёки хато қилиш хавфини оширишини айтиб ўтди.
Кирбининг сўзларига кўра, Пекиннинг реакцияси Тайван атрофига ракета учириш, ҳавода ёки денгизда йирик ҳарбий амалиётлар ўтказиш ёки оролни Хитойнинг материкдаги қисмидан ажратиб турувчи Тайван бўғози халқаро сув йўли эмаслигини даъво қилиш билан кечиши мумкин.
«Биз қармоққа илинмаймиз ва қуролларни яланғочламаймиз. Шу билан бирга, бизни қўрқитиб бўлмайди», деган Кирби.
Ҳарбий фаолликнинг ошиши
Хитой ҳарбий самолётлари аллақачон Тайван бўғозини ажратиб турувчи чизиқ бўйлаб бир неча бор намойишкорона парвозларни амалга оширди. Хитойликларнинг бир қанча ҳарбий кемалари 1 августдан буён Хитой ва Тайван ўртасидаги норасмий чегара чизиғи яқинида турибди.
China Times хабарига кўра, хитойликларнинг авиаташувчилари «Ляонин» ва «Шаньдун» жойлашув портларидан денгизга чиққан.
Reuters маълумотига кўра, хитойликларнинг қирувчи самолётлари бир неча бор тактик манёврлар амалга оширишган, бир муддат туташув чизиғига «тегиб ўтган» ва бўғознинг Хитой назоратидаги ҳудудига қайтган. Тайван қирувчилари ҳам ўз томонидаги ҳаво кенглигида навбатчилик қилмоқда.
Одатда икки томоннинг самолётлари ҳам шартли чизиқни кесиб ўтмайди.
Сешанба куни Тайван мудофаа вазирлиги Тайван яқинидаги ҳарбий манёврлардан тўла хабардор экан ва «душман таҳдидлари»га муносиб тарзда жавоб қайтарилишини маълум қилди.
Хитой жануби-шарқидаги Сямэн шаҳри аҳолиси (бу шаҳар Тайванга параллел жойлашган) сешанба куни ҳудудда зирҳли техникалар фаоллашгани ҳақида хабар бериб, интернетга бу ҳақдаги фотосуратларни жойлаган.
Таҳдид ва огоҳлантиришлар
Душанба куни Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Чжао Лицзян Пелосининг Тайванга ташрифи Хитой ички ишларига қўпол аралашув бўлишини айтди ва Хитой халқ-озодлик армияси қўл қовуштириб ўтирмаслигидан огоҳлантирди.
Ўтган пайшанба куни икки соатдан ортиқ давом этган телефон мулоқоти чоғида ХХР раиси Си Жинпинг Жо Байденни Вашингтон ягона Хитой тамойилини ҳурмат қилиши кераклигини айтиб, «олов билан ўйнашган оловда куйиб қолиши»дан огоҳлантирганди.
Байден бунга жавобан Сини АҚШнинг Тайван бўйича сиёсати ўзгармаслигига ишонтирган, шу билан бирга Вашингтон оролнинг статус-квосини куч билан ўзгартириш ёки Тайван бўғозидаги тинчлик ва барқарорликка путур етказишга қаратилган бир томонлама саъй-ҳаракатларга кескин қаршилик кўрсатишини таъкидлади.
Сешанба куни Хитой ташқи ишлар вазирлиги юқори мартабали мулозимнинг ташрифи АҚШ билан боғлиқ кўрилишини айтиб, Вашингтон мазкур масаланинг жиддийлиги ва нозиклигини тушуна олишига умид билдирди.
Пекин Тайванни ўз ҳудуди деб билади ва доим оролни куч билан ўз назоратига олиш ниятини яширмайди. Тайван Хитойнинг суверенитет ҳақидаги даъволарини рад этади ва орол тақдирини фақат унинг халқи ҳал қилиши мумкинлигини билдиради.
Хитой АҚШ расмийларининг Тайванга ташрифини оролда мустақиллик тарафдорлари лагери рағбатлантирилиши сифатида кўради. Вашингтон Тайван билан расман дипломатик алоқалар ўрнатмаган, аммо Америка қонунчииги оролга ўзини ўзи мудофаа қилиш воситалари етказиб беришни талаб қилади.
Кирби Вакиллар палатасининг Республикачилар партиясидан бўлган спикери Ньют Гингрич Тайванга 1997 йилда ташриф буюргани, бошқа америкалик қонунчилар оролда ўша йил бошида бўлишганини қайд этади.
«Ҳеч нарса ўзгармади. Бу ерда ҳеч қандай драмага ўрин йўқ. Вакиллар палатаси спикери Тайванга бориши аввал рўй бермаган ҳодиса эмас», дейди у.
Аммо Хитойнинг БМТдаги элчиси Чжан Цзюн Пелосининг ҳозирги ташрифи билан 1997 йилги ташрифни таққослаб бўлмаслигини ва ҳозиргиси провокация ўлароқ кўрилишини айтади. У агар бу рўй берса, Хитой ўз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш учун қатъий чораларга қўл уришини таъкидлаган.
БМТда чиқиш қилган АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Хитойни Пелосининг ташрифи масаласида босиқ бўлишга чақирган.
«Агар спикер боришга қарор қилса ва Хитой қандайдир инқироз яратишга ёки бошқа йўл билан кескинликни кучайтиришга ҳаракат қилса, бунинг учун жавобгарлик бутунлай Пекин зиммасида бўлади. Биз Хитойдан масъулият билан ҳаракат қилиши ва келгусида ҳеч қандай эскалацияда иштирок этмаслигини кутамиз», деган у. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?