
Геннадий Зюганов / Фото: kapital-rus.ru
Коммунистик партия раҳбари Россияда умумий сафарбарликка чақирди. Геннадий Зюгановнинг сўзларига кўра, Украинада махсус операция эмас, ё ғалаба ёки мағлубият билан якунланадиган уруш кетмоқда.
Коммунистик партия етакчиси Геннадий Зюганов 13 сентябр, сешанба куни Давлат думасидаги йиғилишда сўзга чиқиб, «Украинадаги махсус операция»ни уруш деб атади ва Россияда умумий сафарбарликка чақирди.
«Махсус ҳарбий операция урушдан нимаси билан фарқ қилади? Ҳарбий операцияни исталган вақтда тўхтатишингиз мумкин. Урушни тўхтатиб бўлмайди, у ғалаба ёки мағлубият билан тугайди. Мен сизни уруш кетяпти деган фикрга етаклаяпман ва биз унда мағлуб бўлишга ҳаққимиз йўқ. Ҳозир ваҳимага тушадиган вақт эмас. Бизга мамлакатни тўлиқ сафарбар қилиш керак, бизга мутлақо бошқа қонунлар керак», — дея Зюганов сўзларини келтирган Sota интернет-нашри.
Бир кун олдин Коммунистик партиядан Давлат думаси депутати Михаил Матвеев губернаторлар ва депутатларга кўнгиллилар сифатида фронтга ёзилишни таклиф қилганди. Ўз навбатида, Хабаровск ўлкаси губернатори Михаил Дегтярев бир неча кун аввал Украинага кўнгилли сифатида боришини маълум қилди, бироқ ўз масъулиятли лавозимини тарк этишга ҳаққи йўқлиги сабабли бора олмаслигини билдирди. Шундан сўнг, минтақа аҳолиси «губернаторга орзусини рўёбга чиқаришга ёрдам бериш, Донбассга жангга бориш» таклифи билан петиция бошлади, унга бир неча ўн минглаб одамлар имзо чекди.
Айни пайтда, Россияда «фейклар» ва рус армиясини «обрўсизлантириш» моддалари бўйича оммавий равишда жиноий ишлар қўзғатилиши давом этмоқда.
8 июл куни Москвада Красноселский тумани муниципал депутати Алексей Горинов ҳарбийлар тўғрисидаги «фейклар» моддаси бўйича умумий режимдаги колонияга етти йилга ҳукм қилинди. Терговчиларга кўра, депутатлар кенгаши йиғилишида сиёсатчи «Россия Федерацияси Қуролли кучлари ҳақидаги ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни ўз ичига олган» бир қатор баёнотлар берган. Горинов, хусусан, Украинадаги «махсус ҳарбий операция»ни «уруш» деб атади ва украиналик болаларнинг ўлими ҳақида гапирди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар