16:59 / 24.09.2022
1 935

Мўғулистон собиқ президенти бурятларни сафарбарликдан қочиб, уларнинг мамлакатига келишга чақирди

Мўғулистон собиқ президенти бурятларни сафарбарликдан қочиб, уларнинг мамлакатига келишга чақирди
Скриншот: «Focus.ua»
Мўғулистон собиқ президенти Цахиагийн Элбергдорж Россиядаги майда миллатларга мурожаат қилиб, сафарбарликдан Мўғулистон чегараси орқали қочишга чақирди ва уларни илиқ кутиб олишга ваъда берди.

Кийимига сариқ ва кўк рангдан иборат тасма тақиб олган собиқ президент инглиз тилида нутқ сўзлаётиб шундай деди: «Бурятия мўғуллари, Тува мўғуллари ва Қалмиқ мўғуллари бу урушда ҳаммадан кўп жабр кўрди… Улардан тўп еми сифатида фойдаланишмоқда… Биз сизларни қучоқ очиб кутиб оламиз».

Бундан ташқари, собиқ президент сафарбар этилганларга юзланиб шундай деди: «Украиналикларга, ўз ака-сингилларингизга ўқ узманг, уларнинг фарзандларига ўқ узманг, уларнинг мамлакатини ва уларнинг мамлакатини яксон қилманг, Украина мавжуд бўлиш учун тўла ҳуқуққа эга».

Гапининг сўнгида Цахиагийн Элбегдорж украин халқига ва президент Владимир Зеленскийга мурожаат қилди: «Ботирлигингиз учун раҳмат. Сизнинг ғалабангиз — бизнинг умумий ғалабамиз. Диктатура абадий эмас. Қаҳрамонларга шон-шарафлар бўлсин». Охирги гапини у украин тилида айтди.

Цахиагийн Элбегдорж Львовдаги ҳарбий ўқув юртида ҳарбий журналистика йўналишида ўқиган. У 2009 йилдан 2017 йилгача Мўғулистон президенти бўлган.

Россияда нималар бўляпти?

21 сентябрь куни Россия президенти Владимир Путин Россияда қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги фармонни имзолади. «Ватанимиз, яхлитлигимизни ҳимоя қилиш учун қисман сафарбарликни қўллаб-қувватлаш зарур, деб ҳисоблайман», — деди Россия раҳбари.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг айтишича, қисман сафарбарлик чоғида 300 минг захирадаги аскар чақирилади. Унинг сўзларига кўра, бу Россия сафарбарлик ресурсининг тахминан 1 фоизини ташкил қилади. Хизмат ўтаб бўлган, ҳарбий-ҳисоб мутахассислиги ва жанговар тажрибага эга бўлганларгина чақирилади. Талабалар ва шошилинч хизмат ҳарбий хизматчилари сафарбар этилмайди, деган эди Шойгу.

Армияга чақириладиган одамлар сони кўрсатилган банд сафарбарлик ҳақидаги фармонда махфийлаштириб қўйилган. «Новая газета. Европа» нашри хабарига кўра, ушбу бандда бир миллион киши армияга чақирилиши ҳақида айтилади. Meduza’нинг федерал вазирликлардан бирига яқин манбаси айтиб беришича, армияга 1,2 миллион кишини чақириш режалаштирилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Мўғулистон собиқ президенти бурятларни сафарбарликдан қочиб, уларнинг мамлакатига келишга чақирди