11:37 / 16.10.2022
1 380

Эронда юзлаб сиёсий маҳбуслар сақланаётган қамоқхонада ёнғин рўй берди

Эронда юзлаб сиёсий маҳбуслар сақланаётган қамоқхонада ёнғин рўй берди
Фото: Twitter
Эроннинг Эвин номли машҳур қамоқхонасида кучли ёнғин юзага келди. IRNA давлат ахборот агентлиги камида саккиз жабрланувчи ҳақида хабар берган. Қурбонлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Воқеа жойидан видеолар эълон қилган гувоҳларнинг сўзларига кўра, қамоқхона комплексида қанчадир вақт отишма ва сирена овозлари эшитилган.

Эрон мухолифатчи гуруҳларидан бирида жойлаштирилган видеода «Диктаторга ўлим» ҳайқириғи янграйди - бу Эронни қамраб олган намойишлар шиорларидан бири ҳисобланади.

Давлат нашрлари қамоқхонада вазият назорат остида экани, ёнғин учун «криминал элементлар» жавобгар эканини маълум қилган.

Қамоқхонага олиб борувчи йўл тўсиб қўйилган, ичкарига эса, гувоҳларнинг айтишича, полициянинг махсус батальонлари киритилган. Шунингдек, воқеа жойида ўт ўчирувчилар ишламоқда.

Давлат агентликлари талқинига кўра, ёнғин маҳбуслардан бири ўт қўйиши оқибатида келиб чиққан. Бу маълумотни тасдиқлайдиган бошқа мустақил манба йўқ.

Шунингдек IRNA давлат ахборот агентлиги ҳисобларига кўра, қамоқхонадаги «бандитлар» сақланган қанотда бошланган тартибсизликлар бостирилган (ҳозирча саккиз жабрланувчи ҳақида маълум). Бунда «бандитлар» деб сиёсий маҳбуслар назарда тутилган бўлиши мумкин, Эвин қамоқхонасида айнан шундай маҳбуслар сақланади, улар сўнгги намойишларга алоқадор эмас.

Tasnim ахборот агентлиги эса шахси сир тутилишини сўраган эронлик амалдорга таяниб, тартибсизликларда сиёсий маҳбуслар иштирок этмагани ҳақида хабар берган.

Reuters билан суҳбатлашган гувоҳлардан бирига кўра, қамоқхона атрофида маҳбусларнинг қариндошлари тўпланган.

Эвинда мухолифатчилардан ташқари эронлик журналистлар ва Эронда озодликдан маҳрум этилган хорижликлар, шунингдек икки фуқароликка эга шахслар ҳам муддат ўтайди.

Ғарб ҳуқуқ ташкилотлари азалдан Эвин қамоқхонасидаги қатъий режимни танқид қилиб келади. Human Rights Watch ташкилотидагилар Эвиндаги маҳбуслар қийноққа солиниши, уларга зарур тиббий ёрдамлар кўрсатилмаслиги ва ундайлар бутун умр қамоқда қолиш хавфи мавжудлиги ҳақида ёзади.

Ўтган йил августида Edalat-e Ali (Алининг адолати) номли ҳакерлар гуруҳи интернетга қамоқхона ичкарисидаги кузатув камерасига тушган видеоёзувларни эълон қилганди - уларда нозирлар маҳбусларни камситаётгани ва қийнаётгани акс этган.

Эронда бир неча ҳафтадан буён намойишлар давом этмоқда. Бу Эронда сўнгги ўн йилликлардаги энг йирик жамоатчилик норозилиги бўлди ва ҳукумат учун жиддий чақириққа айланди.

Барчаси 22 ёшли Маҳса Аминийнинг ўлими ортидан бошланди, у 13 сентябр куни ҳижоб ўраш қоидаларини бузгани учун Эрондаги маънавият полицияси томонидан қўлга олинганди.

Ҳибсга олиш жараёнига гувоҳ бўлганларнинг сўзларига кўра, полициячилар уни калтаклашган, кейин эса у комага тушиб қолган. Бир неча кун ўтиб Маҳса шифохонада жон берган.

Норасмий маълумотларга кўра, Эвинда намойишлар вақтида қўлга олинган юзлаб мухолифатчилар ҳам сақланади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг