09:56 / 12.11.2022
2 952

Россия Херсондан чекинди. Бу мағлубиятнинг бошланишими? (видео)

Россия Херсондан чекинди. Бу мағлубиятнинг бошланишими? (видео)
7 ноябрь куни Херсон вилоятидаги Россия қўшинлари қўмондони Сергей Суровикин Россия Федерацияси мудофаа вазири Сергей Шойгуга Херсон вилоятининг ўнг қирғоқ қисмини тарк этишни таклиф қилди.

Суровикин бунга сабаб қилиб ҳозирги шароитда Херсон ва унга яқин аҳоли пунктларини тўлиқ таъминлаш имконияти йўқлигини кўрсатган.

«Вазиятни баҳолаб, Днепрнинг чап қирғоғи бўйлаб мудофаа қилишни таклиф қиламан», — деди у. Суровикин бу қарорни қабул қилиш «қийин»лигини, аммо одамлар ҳаётини сақлаб қолиш учун шундай йўл тутиш зарурлигини айтди.

Россия мудофаа вазири Серей Шойгу Суровикиннинг таклифига рози бўлди.

«Биз учун россиялик ҳарбий хизматчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи доимо устувор ҳисобланади. Биз тинч аҳолига таҳдидни ҳам ҳисобга олишимиз керак. Қўшинларни олиб чиқишни давом эттиринг ва Днепр дарёси орқали техника, қурол ва ходимларни хавфсиз ўтказиш учун барча чораларни кўринг», — деди Шойгу.

Россия Херсонни март ойининг бошида, Украина ҳудудига бостириб киргандан кейинги дастлабки кунларда эгаллаб олган эди. Бу шаҳар уруш бошидан бери рус армияси томонидан босиб олинган ягона вилоят марказига айланганди.

Ёзда узоқ масофали артиллерия тизимларини олган Украина Херсон вилоятидаги кўприкларни ўққа тута бошлади. Бу эса Россияга Днепрнинг ўнг қирғоғида жойлашган рус қўшинлари гуруҳини таъминлашни қийинлаштирди.

Натижада 9 ноябрга келиб Россия Херсондан чекинишга мажбур бўлди.

Bloomberg нашрининг маълум қилинишича, Россия армиясининг Украина жанубидаги Херсон шаҳридан чекиниши тўғрисидаги қарори жанг майдонидаги катта муваффақиятсизлик ҳисобланади. Кремль Херсоннинг қайтариб берилишини «ҳарбий зарурат» ва «музокараларга таклиф» деб билмоқда. Манбаларга кўра, Россия ҳукумати армиянинг 2023 йилда янги тўлақонли ҳужумга тайёргарлик кўриши учун ўт очишни вақтинчалик тўхтатмоқчи.

АҚШ президенти Жо Байденнинг таъкидлашича, Россия қўмондонлигининг Херсондан қўшинларни олиб чиқиш ҳақидаги қарори кутилган эди.

«Аввало, бизга аллақачон маълум бўлган ушбу қарорни қабул қилиш учун улар АҚШ сайловларини охиригача кутгани мен учун қизиқ бўлди. Бу эса уларда, яъни Россия армиясида реал муаммолар борлигини кўрсатади», — деди Байден.

АҚШ президентининг сўзларига кўра, рус қўшинларининг Херсондан олиб чиқилиши «ҳаммага қиш мавсумида ўз позицияларини қайта кўриб чиқиш учун вақт беради».

Россия Мудофаа вазирлиги эса Херсондан чекиниш қатъий режа асосида кетаётганини таъкидлади.

10 ноябрдаги кундалик брифингда Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков бўлинмалар Днепр дарёсининг чап қирғоғида тайёрланган позицияларга тасдиқланган режа асосида кўчирилаётганини маълум қилди.

Ҳозирча Россиянинг Херсондан чекиниш қарори қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида бирор фикр билдириш қийин. Лекин бундай қарор Россиянинг аввал бошда тузган режасида йўқ бўлгани аниқ. Воқеалар ривожини кузатиб борамиз.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг