11:50 / 16.01.2023
459

Непалдаги авиаҳалокатда тирик қолганлар ҳақида маълумотлар пайдо бўлди

Непалдаги авиаҳалокатда тирик қолганлар ҳақида маълумотлар пайдо бўлди
Фото: «Kathmandupost.com»
Франциянинг AFP агентлиги Каски тумани раҳбари ўринбосари Гурудатта Дхакалга таяниб хабар беришича, Непалдаги авиаҳалокат натижасида тирик қолганлар бор.

«Айни пайтгача 29 та жасадни аниқладик, шунингдек, омон қолган бир неча кишини даволаш учун касалхонага юбордик», — дея AFP мансабдорнинг гапларини келтириб ўтди.

Айнан неча киши тирик қолганига аниқлик киритилмади.

Nepal News нашри хабарларига кўра, воқеа жойида 68 кишининг жасади топилган, тўрт киши бедарак йўқолган деб ҳисобланилмоқда.

Xinhua агентлиги маҳаллий полицияга таяниб ёзишича, жасадлар 200 метр чуқурликдаги жарликдан топилган. Непал армияси спикери Кришна Прасад Бхандари айтишича, самолётнинг 80 фоиз қисми аланга оқибатида вайрон бўлган, мурдаларнинг кўпчилигини эса таниб бўлмаган.

Йўловчилар орасида 15 нафар хорижлик бўлгани айтилмоқда, булар беш нафар ҳиндистонлик, тўрт россиялик, икки кореялик ҳамда Аргентина, Ирландия, Австралия ва Франциядан бир кишидан.

Эслатиб ўтамиз, ATR 72 турбовинтли йўловчи самолёти 15 январь куни Покхара шаҳрида эски ва янги аэропортлар оралиғида ҳалокатга учради.

Маҳаллий Yeti Airlines авиакомпаниясига тегишли самолёт Покхарага Катмандудан учиб келган. Авиакомпания вакили хабарига кўра, бортда 68 нафар йўловчи ва тўрт нафар экипаж аъзоси бўлган.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг