15:33 / 18.02.2023
876

Хитой Россияни Украинада урушни тўхтатишга чақирди

Хитой Россияни Украинада урушни тўхтатишга чақирди
Хитой Украинадаги можарони тезроқ тугатишга чақирди. Мамлакатнинг БМТдаги доимий вакили Чжан Жун Хавфсизлик кенгаши йиғилишида сўзга чиқиб, Россия ўт очишни тўхтатиб, “имкон қадар тезроқ” Украина билан музокара столига ўтириши кераклигини айтди.

Хитой Ғарб давлатлари келишув жараёнига қўшилиши керак, деб ҳисоблайди. “АҚШ, Европа Иттифоқи ва НАТО ҳам хавфсизликнинг бўлинмаслиги тамойилларига асосланган кенг қамровли ва чуқур мулоқот учун Россия билан музокаралар столига ўтириши керак”, деди Жун.

Унинг сўзларига кўра, томонлар “мувозанатли ва барқарор хавфсизлик архитектурасини” қандай қуришни муҳокама қилиши лозим. "Агар Минск келишувларининг барча талаблари самарали бажарилганида, Украина инқирози бугунги даражага етмаслиги керак эди", дея қўшимча қилди доимий вакил.

Жун Хитойнинг Украинада содир бўлаётган воқеаларга нисбатан позициясини изчил ва аниқ эканлигини айтиб: "Пекин барча мамлакатлар суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш тарафдори, аммо хавфсизлик соҳасидаги барча давлатларнинг қонуний манфаатлари ҳам ҳисобга олиниши керак", дея таъкидлади.

Пекин Россия Украинага бостириб киришидан кейинги ойларда Москвани қоралашдан тийилиб, Украина муаммоси “мураккаб ва ўзига хос тарихий контекст”га эгалигини таъкидлаб, ҳозирча босқинни уруш, деб аташдан бош тортди. Бироқ можаро чўзилганидан кейин, Пекин Москвани ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақира бошлади.

22 сентябрь куни Хитой ташқи ишлар вазири Ван И БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Россия ва Украина ўртасидаги музокараларни осонлаштириш зарурлигини маълум қилди.

Хитой раҳбари Си Цзиньпин ноябрь ойида G20 саммитида Франция президенти Эммануел Макрон билан мулоқот чоғида Россия ва Украинани ўт очишни тўхтатишга чақирган эди. У, шунингдек, Германия канцлери Олаф Шольцга Европада ядровий куч қўлланилишига қарши эканини айтиб, Пекин уруш авж олишига йўл қўймаслик истагида эканини таъкидлади.

Декабрь ойи охирида Хитой раҳбари Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевга Пекин Украина бўйича музокаралар олиб борилишини исташини маълум қилган эди. Си Цзиньпиннинг айтишича, унинг маъмурияти "тинчлик ва музокара тарафдори".

Хитой томонлар оқилона ва вазминликни сақлаб, кенг қамровли музокаралар олиб бориши ва ўзаро хавфсизлик масалаларини сиёсий йўллар билан ҳал қилишига умид қилади”, деди у.

Январь ойида президент Владимир Путин Си Цзиньпинни Украинага ҳужум қилмоқчи экани ҳақида огоҳлантирмагани ва босқиндан бир неча кун олдин Хитойга ташрифи чоғида у Киев Россия ҳудудига ҳужум қилса ва гуманитар фалокатга сабабчи бўлсагина "чора кўриши" мумкинлигини айтгани маълум бўлди. Financial Times газетасининг Хитой расмийларига таяниб ёзишича, айнан шу сабабли расмий Пекиннинг Путинга ишончи йўқолган.

Шу билан бирга Хитой Ғарб билан кескинликни камайтиришга ва Европадаги ўз позициясини мустаҳкамлашга қарор қилди. Шу муносабат билан у ўзини нафақат эҳтимолий тинчликпарвар сифатида таклиф қилмоқда, балки Украинани урушдан кейин тиклаш жараёнида иштирок этишга ҳам тайёр, деб таъкидлади FT манбалари.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг