20:25 / 14.04.2023
155

Коронавируснинг «кентавр» варианти кўриш қобилиятига салбий таъсир этади

Коронавируснинг «кентавр» варианти кўриш қобилиятига салбий таъсир этади

Фото: EPA

Дунёнинг баъзи мамлакатларида доминант версияга айланиб улгурган коронавирус «Омикрон» штаммининг ВА 2.75 субварианти, яъни «кентавр» нафақат нафас олиш тизими, балки кўриш органлари фаолиятига ҳам салбий таъсир этиши мумкин. Бу ҳақда ССВ хабар берди.

Жумладан, ҳиндистонлик олимлар бир мунча вақт илгари унинг геномида 16 та мутация мавжудлигини аниқлади. Бу эса коронавируснинг мазкур тури тана ҳимоя механизмларига осон «чап бериш» хусусиятига эга эканини англатади.

Шунингдек, шифокорлар «кентавр» янги аломатлар билан намоён бўлаётгани, унга кўра, баъзи беморлар ёруғ муҳитда кўзини очишга қийналаётгани ва кўз гавҳарида оғриқлар ҳис қилаётганини маълум қилган.

Коронавирус асосан ўпка тўқималарининг зарарланиши билан кечган бўлса-да, унинг асорати бутун организмга ўз таъсирини кўрсатади, — деди Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси бош шифокори Отабек Икромов. — Аввал ушбу инфекцияга чалиниб, тузалган беморларда кўпроқ қон қуюқлашиши, юрак-қон томир тизимида жиддий муаммолар учраган бўлса, энди улар қаторига кўз касалликлари ҳам қўшилмоқда.

Хусусан, сўнгги пайтларда COVID-19 билан оғриган айрим беморларда кўриш қобилиятининг ёмонлашиши кузатиляпти. Жумладан, вирусга чалиниб, соғайганларда оптик асабнинг шиши, кўз мушакларининг спазмлари ва тўр парданинг яллиғланиши каби асоратлар учрамоқда.

Қолаверса, дунё олимлари ҳам «омикрон»нинг ВА 2.75 субварианти организмда тизимли яллиғланиш реакцияси ва қон ивиш тизимининг фаоллашишига сабаб бўлаётгани, бу эса кўзлар учун жиддий оқибатларга олиб келишини таъкидлаяпти.

Шифокор сўзларига кўра, касалликнинг олдини олиш учун вирусга қарши тўлиқ босқичда ҳамда бустер дозада эмланиш лозим.

Аввалроқ, ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесус пасайиш тенденциясини инобатга олиб, жорий йилда COVID-19 пандемияси бекор қилиниши мумкинлигини маълум қилган эди.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг