12:00 / 29.04.2023
168

Эрдўған қаторасига учинчи кун сайловолди тадбирларини бекор қилди

Эрдўған қаторасига учинчи кун сайловолди тадбирларини бекор қилди

Фото: EPA/Vostock-photo

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 28 апрель куни яна ўзининг сайловолди дастури доирасида аввалдан режалаштирилган тадбирларда иштирок этмади.

Шу тариқа, 25 апрель оқшомида ўзини ёмон ҳис қилган Эрдўған қаторасига учинчи кун митингларни бекор қилди. Аммо Адана шаҳридаги кўприкнинг очилиш маросимида видеомурожаат билан чиқиш қилди.

Бир кун аввал Туркия президенти соғлиғи ёмонлашгани ҳақидаги хабарлардан сўнг биринчи марта тадбирда пайдо бўлди: у Россияда ишлаб чиқарилган ядро ёқилғисини Оққую атом электр станциясига етказиш маросимида видеоалоқа орқали иштирок этган эди.

25 апрель куни Эрдўған ўзини ёмон ҳис қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бир кун ўтгач у шифокорлар тавсиясига кўра уйда қолишини айтди.

Президентнинг соғлиғидаги муаммолар нима билан боғлиқ экани ҳақида расмий маълумот берилмади.

Бир қатор оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, бу овқат ҳазм қилиш тизимининг ишдан чиқиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Туркия вице-президенти Фуат Ўқтой сўзларига кўра, давлат раҳбари «енгил шамоллаган».

14 май куни Туркияда президентлик ва парламент сайловлари бўлиб ўтади. Агар биринчи турда давлат раҳбари лавозимига номзодлардан ҳеч бири мутлақ кўпчилик овозни қўлга кирита олмаса, икки ҳафтадан сўнг иккинчи тур ўтказилади. Унга биринчисида энг кўп овоз олган икки номзод киради.

Президентлик сайловида Эрдўғанга мухолифат вакили Камол Қиличдорўғли асосий рақиб бўлиши кутилмоқда.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг