15 май, душанба куни Украина Олий суди раҳбари Всеволод Князев пора олаётган вақтда ушланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши кураш миллий бюросидаги манбаларга таяниб, бир вақтнинг ўзида бир нечта Украина ОАВ хабар бермоқда. Нашрларнинг ёзишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 3 миллион долларга яқин пора олинганини ҳужжатлаштирган.
ZN.ua хабарига кўра, Князев олигарх Константин Жеваго фойдасига суд қарори чиқарилишини хоҳлаган одамлардан пул олган. Нашр қайд этишича, Олий суд раҳбарининг ҳибсга олиниши фонида яна 18 нафар судяда тинтувлар ўтказилмоқда. Олий суд “Всеволод Князев атрофида содир бўлаётган воқеалар” муносабати билан 16 май куни пленумнинг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтишини маълум қилди.
Ўз навбатида, Коррупцияга қарши кураш миллий бюроси ҳисоботида айтилишича, Коррупцияга қарши ихтисослаштирилган прокуратура билан биргаликда “Олий суддаги йирик коррупция” фош этилган, ҳозирча тафсилотлар келтирилмаган.
Князевнинг ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотни Украина ички ишлар вазири маслаҳатчиси Антон Герашченко ҳам тасдиқлади. Унинг эслатишича, 19 апрел куни Олий суд Шимолий иқтисодий апелляция суди қарорини бекор қилган, у Полтаванинг Ferrexpo кон-қайта ишлаш комбинатининг 40,19 фоиз акцияларини тўртта компанияга – собиқ акциядорларга сотиш бўйича 2002 йилги келишувни ҳақиқий эмас деб топган.
Герашченконинг сўзларига кўра, Константин Жеваго билан алоқадор компаниялар бу акцияларни тўртта офшор компаниядан сотиб олган. Кейинчалик, бир нечта қўшимча эмиссиялардан сўнг, шунингдек, миноритар акциядорлардан акцияларни мажбурий сотиб олишдан сўнг, Ferrexpo кон компанияси ЮГОКнинг ягона акциядорига айланди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг