16:30 / 29.07.2023
606

ЖАР президенти: “Эҳсон сўраб келганимиз йўқ”

Фото: Архив / Кремль

Жанубий Африка Республикаси президенти Сирил Рамафоса Украинадаги урушга бағишланган йиғилишда Россия президенти Владимир Путинни дон битимининг ишини қайта бошлашга чақирди. Учрашув стенограммаси Кремль сайтида чоп этилди.

“Биз бу ерга қандайдир эҳсон сўраш учун келганимиз йўқ. Албатта, сиз маълум қийинчиликларга дуч келаётган айрим Африка давлатларига саховат кўрсатиб, дон беришга қарор қилганингизни тушунамиз, лекин бу ердаги асосий мақсадимиз бу эмас. Асосий вазифамиз бундай йўл билан бериладиган маҳсулотларга эришиш эмас”, — деди Рамафоса.

ЖАР президенти Африка давлатлари Россияга дон битимидаги иштирокини давом эттиришни таклиф қилганини таъкидлади. Шунингдек, у Қора денгизни жаҳон бозорларига очиш зарурлиги ҳақида гапирди.

Аввалроқ Владимир Путин Россия—Африка форумининг ялпи мажлисида Москва яқин уч-тўрт ой ичида Африканинг бир неча давлатига 25-50 минг тонна ғаллани текинга беришга тайёрлигини маълум қилганди. Путиннинг сўзларига кўра, Россия Буркина-Фасо, Зимбабве, Мали, Сомали, Марказий Африка Республикаси ва Эритреяга дон етказиб бериши мумкин.

Дон битими доирасида Украина 33 миллион тоннага яқин озиқ-овқат экспорт қилди. Шу билан бирга, яқинда ғалла савдосининг тўхтатилиши маҳсулот нархини ошириб юборди. “Агентство” ҳисоб-китобларига кўра, ҳатто Россия президенти Владимир Путин текинга дон беришни ваъда қилган олтита Африка давлати учун ҳам ғалла битимини қайта тиклаш фойдалироқ бўлади, чунки Россиянинг эҳсони уларга керак бўлган доннинг оз қисмини қоплайди, нархларнинг ошиши эса мамлакатларга миллионлаб долларга тушади.

Дон бўйича келишув муддати 17 июлда тугади. Россия ҳукумати келишувнинг Москвага тааллуқли қисмлари бажарилмагани сабабли у тўхтатилганини эълон қилди. 18 июлдан бери Россия қўшинлари Украина порт инфратузилмаси объектларига, жумладан, Одессага ҳужум қилмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги буни Қрим кўпригидаги портлаш учун “қасос” деб атамоқда.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » ЖАР президенти: “Эҳсон сўраб келганимиз йўқ”
ePN