Фото: Kun.uz
BRICS ташкилоти кенгаймоқда. Шу пайтгача Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка Республикасидан ташкил топган бу ташкилотга яна 6 та давлат қўшилмоқда. Бу янги давлатлар – Аргентина, Миср Араб Республикаси, Эфиопия, Эрон Ислом Республикаси, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари бўлади. Шу пайтга қадар фақат бешликдан иборат BRICS учун бу катта ҳодиса. Бу – глобал жараёнларга сезиларни таъсир қиладиган ҳолат.
BRICS бугунга қадар, ғарбга муқобил бўлган глобал лойиҳага айланиб улгурди. BRICSʼдаги иқтисодий ва сиёсий энг қудратли давлат бу – Хитой. Хитой Халқ Республикаси – АҚШдан кейинги дунёнинг иккинчи иқтисодиёти. Қолаверса, ХХР ва Россия – дунё тартиботини ревизия қилаётган ёки қилишга мойиллиги ошиб бораётган давлатлар ҳисобланади.
BRICS – аксил-ғарб эмас, яъни BRICSʼнинг вазифаси барча масалаларда фақат коллектив ғарбга қарши туриш эмас. Лекин BRICS ғарбга муқобил геоиқтисод, геосиёсат ва геомафкура шакллантириш ниятида. Бир сўз билан айтганда, ғарб билан ҳам ҳамкорлик қилувчи, лекин расмий Вашингтон глобал ҳокимиятининг пасайишидан ёки йиқилишидан манфаатдор бўлган давлатлар клуби ҳисобланади.
Энди келаси 2024 йилда BRICSʼга янги олтита давлат қўшилмоқда. Бу давлатлар ичида учтаси яқин ўтмишда АҚШнинг энг барқарор иттифоқчилари ва ҳамкорлари эди, булар Саудия Арабистони, БАА ва Миср. Бугунги кунда бу давлатлар Вашингтондан бироз ёки жиддийгина масофа сақлай бошлашди. Олдингидек Вашингтон нима деса шуни қиладиган давлатлар эмас.
BRICSʼдаги энг вазмин овоз – Пекинга тегишли. Россия эса BRICSʼни ғарб манфаатларига қарши бўлган клубга айлантириш тарафдори. Саудия, Миср ва ҳатто БАА кейинги йилларда АҚШдан аразлаган ёки норози бўлган давлатларга айланди. Аргентина эса, кўп ўн йилликлардан бери АҚШдан масофа сақлаб келади. Умуман, Лотин Америкасида Вашингтонга тўйинганлик ва ундан масофа сақлашга мойиллик ҳар доим юқори бўлган.
Хўш, BRICSʼнинг кенгайиши нима оқибатларга олиб келади? Вашингтонга муқобил геосиёсий қутб янада кенгаяди. Пекиннинг глобал командаси янада мустаҳкамланди. BRICS доирасида, Пекин, Россия, Бразилия, Эрон каби Вашингтонга қарши бўлиб келган давлатлар, тўлиқ бирлашди. BRICS АҚШнинг иқтисодий қудратини пасайтириш бўйича, ҳамкорликни кучайтиради. Доллар қудратини пасайтиришга имкониятлар изланади.
BRICS доирасидаги давлатларнинг барчаси ҳам АҚШга қарши эмас, балки у билан ишончли ҳамкорлик қиладиганлари ҳам бор. Бу давлатлар учун BRICS ўзининг глобал салоҳиятини бозорга солиш ва геосиёсий чайқовчилик қилиш воситаси ҳисобланади. Ҳали Саудия, БАА ва айниқса, Ҳиндистон ҳам Вашингтон билан алоқаларни пасайтириш ниятида эмас. BRICS улар учун шунчаки глобал “бозор”: қайси тараф кўпроқ нарх таклиф қилса, ўша томонга ўтиш учун майдонча ҳисобланади.
Умуман, дунёда геосиёсий ва геоиқтисодий рақобат муҳити, жуда кучли ошиб бормоқда. BRICS эса, мана шу рақобатни ифодаловчи энг йирик лойиҳалардан бирига айланиб бормоқда. Ҳали АҚШ қудратли, лекин BRICS – Вашингтоннинг қудратига энг кўп соя солувчи лойиҳага айланиб бориши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!