Швеция миграция маъмурияти ироқлик қочқин Салвон Момика номига берилган яшаш учун рухсатномани бекор этиш ва уни мамлакатдан депортация қилиш ҳақида қарор чиқарди. У июлдан сентябргача Қуръонни ёқиш бўйича тўртта оммавий тадбирни амалга оширган эди.
«Қарор 25 октябр куни қабул қилинган. Бу унинг (қочқинлик) мақоми ва яшаш учун рухсатномаси бекор қилинганини англатади. Шунингдек, у депортация қилинади», деди мамлакат миграция департаменти вакили Эспер Тенгрут TV4 телеканалига.
Унинг сўзларига кўра, депортация ҳақидаги қарор бошпана сўраб ёзилган аризадаги ёлғон маълумотлар билан боғлиқ. Депортациядан ташқари, Момикага Швецияга 5 йил давомида қайтиш ман этилади.
Миграция департаменти ироқлик қочқинга бошқа давлатдан яшаш учун рухсат олишга вақт берган, чунки Салвон Момика ватанида «қийноққа солиниш хавфи» бор. Бироқ Момика Швецияни тарк этиш ниятида эмаслигини ва миграция департаменти қарори устидан шикоят қилишини айтган.
Швециянинг SVT телеканали қўшимча қилишича, Момика 2021 йил апрел ойида мамлакатда иммигрант сифатида рўйхатдан ўтган ва уч йил муддатга яшаш учун рухсатнома олган.
Салвон Момика июндан сентябргача Швецияда Қуръонни ёқиш бўйича тўртта тадбир ўтказди. Ироқ бунга жавобан Швеция билан дипломатик алоқаларни узиб, элчисини Бағдоддан чиқариб юборган эди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг