8 ноябр куни «Туркмангаз» давлат концерни раҳбарияти ва Ироқ энергетика вазири Зиёд Али Фадел бошчилигидаги делегация газ соҳасида ҳамкорлик қилиш масаласида музокаралар ўтказди. Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги томонлар газ олди-сотди битимининг асосий тижорат шартлари бўйича протоколни имзолагани ҳақида хабар берди.
«Протоколга кўра, беш йил муддатда SWAP схемаси бўйича Эрон Ислом Республикаси орқали Ироққа йилига 9 миллиард куб метр туркман гази (кунига тахминан 25 миллион куб метр) етказиб берилади», дейилади «Туркменпортал» хабарида.
2023 йил октябр ойида «Туркмангаз» ва Ироқ электр энергетика вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди. Ўшанда ироқликлар йилига 10 миллиард куб метр газ олишга умид билдиришганди.
«Мазкур келишув Туркманистон ва Ироқ ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамдир. У Туркманистонга газ экспортини диверсификация қилиш ва Ироқни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш имконини беради», дейилган хабарда.
«Хроники Туркменистана» нашри Ироқ ёзда энергия таъминотида сурункали муаммоларга дуч келаётганини эслатиб ўтган. Ўз газининг катта захираларига қарамай, ушбу мамлакат уни нефт ва газ қазиб олиш зоналаридан газ электр станцияларига ташиш учун зарур инфратузилмага эга эмас.
«Эрон Ироқнинг энергияга бўлган эҳтиёжининг 1/3 қисмини қоплайди, бироқ Теҳрон тўловлар билан боғлиқ муаммолар туфайли етказиб беришни тез-тез тўхтатиб туради, бу эса 43 миллион ироқликнинг кундалик ҳаётига жиддий таъсир кўрсатадиган электр узилишларини янада кучайтиради», дея қайд этади Iraq News.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг