Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Дубай шаҳрига ташрифнинг ишбилармонлик тадбирлари доирасида 2 декабрь куни Бирлашган Араб Амирликлари инвестиция вазири, «ADQ» холдинги бош ижрочи директори Муҳаммад Ҳасан ал-Сувайдий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда «TAQA» компанияси раҳбари Жасим Ҳусайн Табет ва «Masdar» компанияси раҳбари Муҳаммад Жамил ал-Рамаҳий ҳам қатнашди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликдаги қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш масалалари кўриб чиқилди.
Иқтисодиётнинг устувор тармоқларида шериклик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Энергетика секторидаги ҳамкорлик тобора кенгайиб бормоқда. Ташриф доирасида бу йўналишда «Masdar» компанияси билан Стратегик шериклик тўғрисида битим имзоланди.
Учрашув якунида давлатимиз раҳбари «Masdar» бош ижрочи директори Муҳаммад Жамил ал-Рамаҳийга кўп қиррали Ўзбекистон-БАА муносабатлари ривожига қўшган шахсий ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикасининг юксак давлат мукофоти – «Дўстлик» орденини топширди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташрифнинг ишбилармонлик дастуридаги навбатдаги учрашувини «Amea Power» компанияси раиси Ҳусайн Ал-Новайс билан ўтказди.
Мамлакатимизда, энг аввало, «яшил» энергетика ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Компаниянинг Ўзбекистонда фаолият юритиш борасидаги режалари қўллаб-қувватланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 декабрь куни БААнинг «SWS» компанияси бош ижрочи директори Аҳмад Ал-Шамсий билан учрашув ўтказди.
Компаниянинг Ўзбекистон ҳудудларида сув таъминоти ва сувни тозалаш соҳаларидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва амалга ошириш, бунда халқаро шерикларни, шу жумладан Франциянинг «SUEZ» ва Япониянинг «Marubeni» компанияларини жалб қилиш борасидаги режалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 декабрь куни Дубай шаҳрида «Air Products» компанияси бошқаруви раиси Сейфи Гасемини қабул қилди.
Компания билан ҳамкорликни, энг аввало, юқори технологик тармоқларда янада кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбарига жорий лойиҳаларнинг бориши ва янгиларига тайёргарлик ҳолати тақдимот қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Дубай шаҳрига амалий ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида 2 декабрь куни «Tadweer» компанияси бош ижрочи ва бошқарувчи директори Али ал-Даҳерийни қабул қилди.
Амирликлар компаниясининг Ўзбекистонда электр энергиясини ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш, бунда илғор технологик ечимларни жорий қилиш режалари кўриб чиқилди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг