Дастлабки маълумотларга кўра, Белгород ва Белгород вилоятини ўққа тутиш вақтида икки киши яраланган. Бу ҳақда вилоят губернатори Вячеслав Гладков 5 январ, жумага ўтар кечаси ўзининг Telegram-каналида маълум қилди. «Дастлабки маълумотларга кўра, икки жабрланувчи бор: бир эркак билагидан, иккинчиси оёғи пастки қисмидан жароҳат олган», — деб ёзади у.
Отишма оқибатлари ҳақидаги маълумотларга ойдинлик киритилмоқда, бироқ Гладковнинг сўзларига кўра, шаҳарнинг турар жой секторига зарар етган – кўп қаватли уйнинг бир нечта хонадонлари ойналари синган, 30 дан ортиқ автомобил зарар кўрган. Белгород вилоятида бир хонадоннинг томи ва бир автомобилга шикаст етган.
Белгород аҳолиси ижтимоий тармоқларда отишманинг биринчи оқибатлари ҳақида материаллар жойлаштирди. Хусусан, эълон қилинган фотосуратлар ва видеоларда кўп қаватли уй ёнидаги автотураргоҳга ракета ёки снаряд парчалари тушгани кўриниб турибди.
Россия Мудофаа вазирлиги ўнта ракета йўқ қилинганини билдирди
Бир кун олдин Россия Мудофаа вазирлиги «Киев режимининг «Олха» ялпи ўт очиш реактив тизимидан фойдаланган ҳолда Россия Федерацияси ҳудудидаги нишонларга террорчилик ҳужуми уюштиришга уриниши бостирилгани» ҳақида маълум қилди. Навбатчи тизимлар Белгород вилоятида 10 та ракетани йўқ қилди.
Украинага оммавий зарбаларга жавобан Белгороднинг ўққа тутилиши
Сўнгги кунларда Белгород ўқ остида қолди. 30 декабр куни шаҳар маркази ўққа тутилиши натижасида 25 киши ҳалок бўлди – бу Россиянинг Украинага ҳужуми бошланганидан бери Россия шаҳридаги энг кўп қурбонлар сони. «РБК-Украина» нашри Украина махсус хизматларидаги манбаларга таяниб, ҳужум ҳарбий объектларга амалга оширилганини маълум қилди.
Минтақанинг ўққа тутилиши Россия қўшинларининг Украинага, шу жумладан Белгород қўшниси Харкивга ракета ҳужумлари фонида содир бўлмоқда.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг