16:54 / 23.01.2024
373

Россия қўшини Украина бўйлаб яна ёпирилма зарбалар йўллади

Россия қўшини Украина бўйлаб яна ёпирилма зарбалар йўллади
Фото: OLEH SYNIEHUBOV/KHARKIV ODA

23 январ тонгида россиялик ҳарбийлар Украина бўйлаб ёпирилма зарба йўллади. Украина ИИВнинг сўнгги маълумотларига кўра, Киев, Харкив ва Днипропетровск областлари ўққа тутилиши оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган, бир аёл оғир аҳволда, яна 50 дан ортиқ киши жароҳатланган.

РФ қўшини Украина бўйлаб жами 41 ракета учирган, бунда қанотли, баллистик, авиация ва зенит ракеталардан фойдаланилган, дея маълум қилди Украина ҚК бош қўмондони Валерий Залужний. Унинг сўзларига кўра, украин ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 21 ракетани уриб туширган: Х-101/Х-555/Х-55 русумли 15 та қанотли ракета, «Искандер-М» комплексидан учирилган бешта баллистик ракета, шунингдек Х-59 русумли авиация ракетаси. Украина ҚК бош қўмондони тасдиқлашича, россияликларнинг баллистик траектория бўйича йўлланган барча ракеталари ҳам ўз нишонига етиб бора олмаган.

Украина пойтахтига бир неча босқичли ҳужум уюштирилди, дейди Киев ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Попко. РФ қўшини аввалига Саратов областидан ҳавога кўтарилган стратегик бомбардимончилари билан Х-101/Х-555/Х-55 қанотли ракеталарини учирган, кейин эса ердан баллистик ракеталар жўнатилган. Унинг сўзларига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари «қарийб йигирмата» ракетани уриб туширган.

Зарбалар оқибатида пойтахтнинг бир қанча районлари жабрланган. Шаҳар ҳарбий маъмуриятига кўра, Святошинский районида автомобиллар ёнган, кўп қаватли турар жойдаги квартиралардан бирида ёнғин чиққан. Шунингдек шу ва Печерский районида нотурар жойлар шикастланган. Соломенский районида турар жой биноси зарар кўрган, Дарницкий районида уриб туширилган ракета парчалари кўп қаватли уй томига ҳамда болалар боғчаси ҳовлисига тушган.

Шаҳар мэри Виталий Кличко Святошинский районидаги уй квартираларидан бирида портламай қолган ракетанинг жанговар каллаги аниқланган. Уйда яшовчилар эвакуация қилинган. Шу райондаги бошқа бир уйда парчалар биринчи қаватдан бешинчи қаватгача бўлган уйларнинг балконларини ҳамда тўртта квартирани зарарлаган.

Шаҳар ҳарбий маъмурияти маълум қилишича, Киев ўққа тутилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлган. Кличконинг сўнгги маълумотларига кўра, шаҳарда 18 киши жароҳатланган: катта ёшли 10 киши ҳамда уч нафар бола шифохонага ётқизилган, 13 ёшли ўсмир ва тўрт нафар катта ёшли кишига воқеа жойида ёрдам кўрсатилган. Кличко қурбонлар борлиги ҳақидаги маълумотни рад этган. Унинг сўзларига кўра, тинч аҳоли вакили бўлган бир аёл жонлантириш бўлимига ётқизилган ва унинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Украина ИИВ томонидан кейинроқ берилган маълумотга кўра, Киев аҳолиси вакили бўлган бир аёл клиник ўлим ҳолатида қолмоқда, шифокорлар унинг ҳаёти учун курашишмоқда. Яна 21 киши турли даражада жароҳатланган.

Киев области ҳудудида уриб туширилган ракета парчалари тушиши оқибатида уч киши жароҳат олган. Турли районларда учта кўп қаватли уй, хусусий уй, хўжалик бинолари, 12 та енгил автомобил, кафе шикастланган, турар жойлардан бирининг автотураргоҳида ёнғин келиб чиққан.

Шунингдек, РФ қўшини Харкив шаҳрининг Киев ва Салтивка районларига зарба берган, деб хабар қилган област ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов. Украина ИИВ маълумотига кўра, шаҳарда камида уч киши ҳалок бўлиб, 40 га яқин киши жароҳатланган. Маҳаллий расмийлар жабрланганлар сони 35 нафарлиги, улардан икки нафари ёш бола эканини хабар қилган. Кўп квартирали турар жой шикастланган, хусусий уй, ўқув муассасаси биноси ҳамда бошқа фуқаролик инфратузилмалари вайрон бўлган, автомобиллар ёниб кетган.

Харкив мэри Игор Тереховнинг хабар қилишича, зарба оқибатида турар жой биносининг подъездларидан бири тўлиқ вайрон бўлган. Харобалар остида одамлар қолган бўлиши мумкин. Киев районининг зарба остида қолган қисми электр ва ичимлик сув таъминотидан узилган.

Миллий полициянинг Харкив области бўйича тергов бошқармаси бошлиғи Сергей Болвинов зарбалар вақтида Харкивнинг чекка ҳудуди ҳам жабрланганини маълум қилган. Бу ҳудудда хусусий сектордаги турар жой шикастланган, болалар ва бир аёл жароҳат олган. Ракеталардан бири газ қувурига урилиши оқибатида ёнғин келиб чиққан.

ТАСС ахборот агентлиги Россия қўшини 23 январга ўтар кечаси «Харкивдаги ёлланма жангчилар манзили бўйлаб аниқ зарбалар бергани» ҳақида ёзди. «Бу шахслар қайси мамлакатлар фуқаролари экани тўғрисида ҳозирча ишончли маълумот йўқ, аммо бу маълумотга ойдинлик киритилмоқда», — деган агентлик манбаси. Фавқулодда хизматлардаги бу манба Харкивдаги турар жойга гўёки Украина қуролли кучларининг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ракетаси урилганини қўшимча қилган.

Днипропетровск областининг Павлоград шаҳри ўққа тутилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, яна бир киши жароҳатланган, деб хабар берган регион ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисак.

Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак украин шаҳарлари ёппасига ўққа тутилишини «россияликлар террори» деб атади. «Бу террорни фақат куч билан тўхтатиш мумкинлигини дунё тушуниши керак. Дунё яна шуни тушуниши керакки, россияликларнинг ракеталари ҳозир Украина бўйлаб учмоқда, аммо, агар бугун заифлик намойиш этилса, эртага улар ғарбдаги шаҳарлар устидан учади», — деган у.

РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Россия қўшини тинч аҳолига зарба бермаслигини таъкидлади. У эрталаб Украинадаги объектлар бўйлаб йўлланган зарбаларни Донецк бўйлаб ҳужумга жавоб деб ҳисоблаш мумкинми, дея берилган саволга шундай жавоб қайтарган.

«Биз махсус ҳарбий амалиётимизни давом эттирмоқдамиз ва ҳарбийларимиз ижтимоий объектлар ва аҳоли кварталлари бўйлаб зарба бермаяпти. Ва Киев режимидан фарқли ўлароқ тинч аҳолига зарба бермайди. Бу бизнинг ҳарбийларимизни Киев режими ҳарбийларидан тубдан фарқлаб турадиган жиҳат», — деган Кремл расмийси.

Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия қўшини Украина бўйлаб яна ёпирилма зарбалар йўллади