Россиянинг Белогород области ҳудудида Ил-76 русумли ҳарбий самолёт ҳалокатга учради. Бу ҳақда Россия ва Украинадаги қатор телеграм-каналлар хабар тарқатди.
Белгород области губернатори Вячеслав Гладков ўз телеграм-каналида «Корочанск районидаги ҳодиса» ҳақида ёзди.
«Ҳозирда воқеа жойида тергов гуруҳи ва ФВВ ходимлари иш олиб бормоқда. Ўз иш графигимни ўзгартирдим ва ҳудудга йўл олдим. Барча тафсилотлар кейинроқ», — деган Гладков бошқа жиҳатларни очиқламаган ҳолда.
Манбаларга кўра, самолёт бортида 63 киши бор эди ва уларнинг барчаси ҳалок бўлган.
Украин нашрлари Ил-76 самолёти ҳалокати — Украина қуролли кучлари амалиёти бўлганини хабар қилмоқда.
Россия мудофаа вазирлиги эса қулаган Ил-76 бортида Украина қуролли кучларининг асирликдаги 65 ҳарбийси бўлгани ҳақида хабар тарқатди.
РИА Новости вазирликка таяниб хабар беришича, улар алмашиш учун олиб кетилаётган бўлган. Шунингдек, бортда экипажнинг олти аъзоси ҳамда уч нафар кузатиб борувчи бўлган.
«Украинская правда» эса Украина қуролли кучларидаги манбасига таянган ҳолда Ил-76 Россия армия Харкив областини ўққа тутишда фойдаланадиган С-300 комплекси учун ракеталар олиб кетаётган бўлгани, у Украина қуролли кучлари томонидан уриб туширилганини ёзган.
Россия кучишлатар тузилмаларига алоқадор саналган Mash манбаси ҳам самолёт Украина ҳарбийларининг Patriot зенит-ракет комплекси орқали уриб туширилганини хабар қилган.
- Белгород областида Ил-76 ҳалокатга учрагани ҳақида хабарлар тарқалишидан бир соат олдин Белгородда ракета ҳужуми хавфи ҳақида огоҳлантириш берилган ва аҳолига хавфсиз жойларга яшириниш ҳамда деразалардан узоқроқда бўлиш тавсия этилганди. Тахминан ярим соат вақт ўтиб, регион раҳбари ракета хавфи сигнали бекор қилинганини маълум қилди.