
Фото: Volodymyr Tarasov/Avalon//Photoshot/picture alliance
Украина Олий радаси маҳбусларни сафарбар қилишга рухсат бериши мумкин. 10 апрел, чоршанба куни депутатлар ҳарбий ҳолат даврида ҳарбий хизматни шартнома бўйича ўташ учун маҳкумларни шартли равишда озод қилиш имкониятини назарда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Ҳужжатни 281 депутат қўллаб-қувватлади, минимал талаб - 226 нафар.
Шундай қилиб, маҳкумларнинг жанговар ҳаракатларда ихтиёрий иштирок этишига рухсат бериш кўзда тутилган. Шу билан бирга, Украина миллий хавфсизлиги асосларига қарши жиноятлар, икки ёки ундан ортиқ шахсни қасддан ўлдириш, шунингдек зўрлаш ёки жинсий зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар учун озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган маҳкумларга нисбатан шартли равишда озод этиш қўлланмайди.
Озодликка чиқарилганлар маъмурий назоратга олинади
«Жамият тушуниши керакки, панжара ортида ўтирганларнинг ҳаммаси ҳам жиноий ва ғайриижтимоий унсурлар эмас. Маҳбусларнинг кўпчилиги йўл-транспорт ҳодисалари ёки молиявий жиноятлар туфайли панжара ортига қамалган, улар ўз ватанини ҳимоя қилиш учун рухсат сўраб юзлаб хат ёзган», деди қонун лойиҳаси муаллифларидан бири бўлган Раданинг Давлат ҳокимияти, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш, минтақавий ривожланиш ва шаҳарсозлик қўмитаси раҳбари Елена Шуляк.
Қонун лойиҳасида ҳарбий хизматни ўташдан муддатидан олдин шартли бўшатиш тўғрисидаги қарор суд томонидан қабул қилиниши ва бундай озод этилганлар ҳарбий қисмларнинг ихтисослаштирилган бўлинмаларига етказилганидан сўнг улар маъмурий назоратга олиниши назарда тутилган. Бундан ташқари, собиқ маҳкумларнинг ҳарбий хизматдан бўйин товлагани учун жавобгарлик 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзида белгиланади.
Президент Володимир Зеленский апрел ойи бошида Украинада 25 ёшдан бошлаб сафарбарликка чақириш тўғрисидаги янги қонунни имзолади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар