23:43 / 31.07.2024
82

“Боши кесилган” ҲАМАС. Нетаньяху янги уруш бошлашга АҚШдан изн олганми?

“Боши кесилган” ҲАМАС. Нетаньяху янги уруш бошлашга АҚШдан изн олганми?
Фото: “Мк.ru”
Шафқатсиз уруш майдонига айланиб қолган Фаластин ҳудудидаги қирғин-барот ҳали-бери тўхтайдиганга ўхшамайди. Парижда бутун дунёга “эркинлик” ва “янги маданият”ни тарғиб этаётган лидер мамлакатлар Ғазода болаларнинг очлик ва хорликдан нобуд бўлишига шунчаки кўз юммоқда. Боз устига, АҚШ қаноти остидаги Исроил уруш масштабини кенгайтириб, Яқин Шарқдаги душманларини йўқ қилиш тараддудида.

27 июль куни Исроил томонидан 1981 йилда босиб олинган Голан тепаликларидаги Маждал Шамс қишлоғига ракета зарбаси берилди. Оқибатда 12 киши ҳалок бўлди. Исроил бу ҳужумни Ливандаги шиа ҳаракати “Ҳизбуллоҳ” амалга оширганини иддао қилиб, кескин жавоб қайтаришга ваъда берди. Бироқ “Ҳизбуллоҳ” ҳужумга алоқадорлигини қатъий рад этди.

Сиёсатшуносларга кўра, бу вақтда Исроил бош вазири Нетаньяху Қўшма Штатларда бўлиб, АҚШдан янги уруш бошлаш учун “фатво” сўраётган эди.

Сиёсатшунос Фарҳод Каримов
Фото: “Дарё”

Аслида Исроил бош вазири Нетаньяху янги уруш бошлашга оқ фотиҳа олиш учун АҚШга борди. Айнан Америкадан қўллов олгани учун ҳам Яқин Шарқда кескинлик ошиб кетди. Натаняху АҚШдан нимани сўраган бўлиши мумкин, биласизми? “Мен уруш бошлаганимда, қарши чиққанларни тийиб берасан”, деб Америкадан сиёсий ёрдам сўраган. АҚШ Конгрессида чиқиш қилишдан асл мақсад шу эди. Мана, Туркия бир қатор кескин баёнотлар берди. Лекин бу қуруқ баёнот, холос. Чунки Туркияни АҚШ тийиб турибди, — дея фикр билдирди сиёсатшунос Фарҳод Каримов.

Айнан Нетаньяху Исроилга қайтиб келгач, минтақа атрофида чанг-тўзон кўтарилди. Бундан хабар топган Эрон расмийлари Исроил—Ливан ўртасидаги уруш эҳтимолини тилга олди. Хусусан, Эроннинг Ливандаги элчиси Можтаба Амани, Эрон Ислом Республикаси доимо минтақадаги кескинликни камайтиришга интилишини ва уруш бўлишини истамаслигини таъкидлади.

29 июль куни Исроил кучлари Ливан пойтахти Байрут шаҳрига ракета зарбаси бериб, “Ҳизбуллоҳ”нинг юқори мартабали қўмондонларидан бири – Фуад Моҳсен Шукрни нишонга олди. Бироқ дастлаб тарқалган маълумотларда Фуад Моҳсен Шукр тирик эканлиги маълум қилинган эди. Лекин Исроил Мудофаа вазири “Ҳизбуллоҳ” қўмондони ўлдирилганини тасдиқлаб, Исроил ҳамма жойда унга зарар етказадиганларга ҳужум қилиши мумкинлиги билан мақтанди.

Маълумот учун, Фуад Моҳсен Шукр “Ҳизбуллоҳ” етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг катта маслаҳатчиси ҳисобланади.

Фуад Моҳсен Шукрнинг жасади совиб улгурмасидан, яъни 30 июль куни тунда янги сайланган Эрон президенти Масъуд Пезешкиённинг инаугурация маросимида иштирок этиш учун Дохадан Теҳронга келган ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания Исроил томонидан йўқ қилинди. Исмоил Ҳания нафақат ҲАМАС ҳаракатининг сиёсий раҳбари, балки Ғазодаги урушни тугатиши мумкин бўлган музокараларга етакчилик қилаётган шахс ҳам эди.

Фото: Reuters
Исмоил Ҳанияни Теҳронда йўқ қилиш Эронни обрўсига катта путур етказади. Аслида унинг қароргоҳи Қатар пойтахти Дохада. У Ғазо секторига анчадан бери бормаганди. Қатарда Исмоил Ҳанияни йўқ қилиш Исроилга бир мунча муаммоларни келтириб чиқариши мумкин эди. Чунки Қатар ҳаво мудофаасини АҚШ қўриқлайди. Шу боисдан Исроил Исмоил Ҳанияни четга чиқишини кутиб турган. Бундан ташқари, Эрон ичкарисида ҳам тунда Ҳания қаердалиги ҳақида Исроилга маълумот берилган, — дейди сиёсатшунос Фарҳод Каримов.

Эрон матбуоти ва бир қатор расмийлар Исроил қизил чизиқни кесиб ўтгани ва унга нисбатан кескин жавоб қайтаришини эълон қилди. Хусусан, Эрон Ислом Республикаси раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий Х тармоғидаги саҳифасида шундай ёзди:

Эрон Ислом Республикаси чегараларида рўй берган ушбу аччиқ ва фожиали воқеадан кейин қасос олиш бизнинг бурчимиздир”.

Бунга жавоб тариқасида Исроилни оталиққа олган АҚШ агар Исроилга ҳужум қилинса, Қўшма Штатлар ҳар қандай йўл билан уни ҳимоя қилишини билдирди.

Халқаро журналист Аббос Жума ҲАМАС ва “Ҳизбуллоҳ” раҳбарларининг ўлдирилиши уларнинг ҳарбий салоҳиятига таъсир кўрсатмаслигини ёзди.

Фото: Тurkishnews
Умуман олганда, Исроил ва Қўшма Штатлар ўзларига қаршилик кўрсатаётганларга қарата ҳужумни бошлади. Улар Ливан, Ироқ, Эронга зарба берди. ҲАМАСнинг биринчи рақамли шахси ўлдирилди. Шу ўринда қайд этиш жоизки, бу меҳмонни ҳимоя қила олмаган Эрон Ислом Республикаси имижига анча оғриқли зарба бўлди. Лекин бу фақат расмда. Ушбу воқеа “Ҳизбуллоҳ” ва ҲАМАСнинг ҳарбий салоҳиятига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.

Айни пайтда экспертлар орасида ҳеч ким катта урушни хоҳламайди, деган умумий қабул қилинган фикр мавжуд. Бироқ, Исроил ва Қўшма Штатларнинг ҳозирги ҳужуми “casus belli” (уруш бошлаш учун баҳона – таҳр.) га ўхшайди. Эрон қийин вазиятга тушиб қолди
”, дея ёзди Аббос Жума.

Арабшунос ва Яқин Шарқ бўйича мутахассиси доктор Дина Лиснянская Исроилнинг кейинги нишони ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги етакчиларидан бири – Яҳё Синвар бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Теҳронда ҲАМАС етакчисининг ўлдирилиши, яҳудий давлати Фаластин можаросини музокара йўли билан эмас, балки куч билан ҳал қилмоқчи эканлигини англатади. Бу эса минтақада уруш учқунларини аланга олдириб юбориши мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » “Боши кесилган” ҲАМАС. Нетаньяху янги уруш бошлашга АҚШдан изн олганми?