12:04 / 30.08.2024
30

Байден ёрдамчиси Си Жинпинг билан Россиянинг Украинадаги урушини муҳокама қилди

Байден ёрдамчиси Си Жинпинг билан Россиянинг Украинадаги урушини муҳокама қилди
Фото: Trevor Hunnicutt/Pool Photo/AP/picture alliance
АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан Пекиндаги Халқ мажлислари залида (парламент биноси) бўлиб ўтган учрашувда Хитой раҳбари Си Жинпинг билан Россиянинг Украинадаги урушини муҳокама қилди. Бу ҳақда 29 август, пайшанба куни Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув АҚШ ва Хитой ўртасидаги очиқ алоқа каналлари ва масъулиятли муносабатларни сақлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар доирасида бўлиб ўтди, дейилади баёнотда.

Суҳбат чоғида Хитой-Тайван муносабатлари, Жанубий Хитой денгизидаги вазият каби қатор халқаро масалалар кўриб чиқилди.

KUNA хабар беришича, Салливан Пекинга Хитойнинг Россия мудофаа саноатини қўллаб-қувватлаши ва бунинг Европа ва трансатлантика хавфсизлиги учун оқибатларидан хавотир билдирди.

Байден ва Си ўртасида телефон мулоқоти тайёрланмоқда

Бундан ташқари, АҚШ президенти Жо Байден ва унинг хитойлик ҳамкасби Си томонидан 2023 йил ноябр ойида Вудсайдда (Калифорния) бўлиб ўтган саммитда билдирилган мажбуриятларни келгусида амалга ошириш, жумладан, наркотикларга қарши кураш, икки давлат ҳарбийлари ўртасидаги алоқалар ва сунъий интеллектдан хавфсиз фойдаланиш муҳокама қилинди.

Оқ уйнинг таъкидлашича, Байден ва Си ўртасидаги телефон суҳбати яқин ҳафталарда бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Хитой Халқ Республикаси раиси Хитойнинг «Хитой-Америка муносабатлари барқарор, соғлом ривожланиши» тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлади, деб хабар беради AFP. Си Вашингтон Пекин билан ҳамкорлик қилишига умид билдирди.

Вашингтон АҚШнинг ядровий тийиб туриш стратегиясини қайта кўриб чиқди

Америка президенти Жо Байден март ойида махфий ядро режасини тасдиқлади, унда биринчи марта Вашингтоннинг ядровий арсенали жадал кенгайиши фонида Хитойга қарши кураш стратегияси ва АҚШ қўшинларини «эҳтимолий мувофиқлаштирилган ядровий тўқнашувлар»га тайёрлаш кўзда тутилган. Бунда, Россия Хитой ва Шимолий Корея билан бирлашган фронт сифатида ҳаракат қилиши мумкин. Бу ҳақда The New York Times (NYT) хабар берди.

«Ядро қуролидан фойдаланиш бўйича қўлланма» тахминан ҳар тўрт йилда бир марта янгиланади. Нашрнинг ёзишича, бир қанча босма нусхалар миллий хавфсизлик идоралари бир неча ходимлари ва Пентагон раҳбариятига юборилган. АҚШ Конгресси янгиланишлар ҳақида Байден лавозимини тарк этишидан олдин хабардор қилиниши кутилмоқда.

Ҳужжат, хусусан, Қўшма Штатлар ядровий инқирозларга, агар улар бир вақтнинг ўзида ёки кетма-кет содир бўлса, ядровий ва ядровий бўлмаган қуролларнинг комбинацияси билан жавоб беришга тайёрлиги ёки йўқлигини текширади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Байден ёрдамчиси Си Жинпинг билан Россиянинг Украинадаги урушини муҳокама қилди