
Фото: AP
Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуровга нисбатан Францияда бошланган тергов компаниянинг яқин икки йил ичида биржага чиқиш режаларини издан чиқариши мумкин, чунки инвесторлар ва реклама берувчилар платформага сармоя киритишни истамайди. Бу ҳақда 30 август, жума куни Financial Times газетаси экспертларга таяниб ёзди.
«Агар улар Telegram'ни фирибгар деб ҳисобласа, инвесторлар IPO'да иштирок этадими? Ишончим комил эмас. Облигацияларга инвесторлар ҳам худди шундай дилеммага дуч келишади», деди журналистларга Telegram қимматли қоғозлари эгаларидан бири. Бошқа бир облигация эгаси Дуровнинг қўлга олингани ҳақидаги хабардан сўнг компаниядан ҳеч қандай маълумот олмаганини айтди.
Март ойида Дуров нашрга берган интервюсида IPO ўтказиш имкониятини кўриб чиқаётганини айтганди. Унинг таъкидлашича, потенциал инвесторлар компанияни «30 миллиард доллардан ортиққа» баҳолаган.
Макрон Дуровнинг Францияга келишини олдиндан билмаганини айтди
Франция президенти Эммануэл Макрон 29 август куни Сербияга ташрифи чоғида Telegram асосчиси Павел Дуровнинг Францияга «таклиф этилгани ҳақидаги» маълумотни рад этди. Бу ҳақда Франция ОАВ, жумладан, Le Figaro газетаси ва BFMTV телеканали хабар берди.
«Мамлакатимизда ҳокимият бўлиниши бор, мен унинг келишидан бехабар эдим. Бу оддий ҳол. Таклифнома расмийлаштирганим ёлғон», - дея Макроннинг сўзларини келтиради BFMTV.
Аввалроқ, 27 август куни Le Canard enchaîné сатирик газетаси 24 август куни Париждаги Ле Бурже аэропортида қўлга олинганида Павел Дуров Макрон билан кечки овқатга бориши кераклигини айтганини ёзган эди.
Германия Telegram’ни етарлича ҳамкорлик қилмаганликда айблади
Конституцияни ҳимоя қилиш федерал идораси (BfV) раҳбари ўринбосари Зинан Зелен Telegram платформасини ҳамкорликка тайёр эмасликда айблади. Зелен тегишли позицияни 28 август куни Берлинда билдирди.
Унинг сўзларига кўра, турли доиралар Павел Дуров платформасида мулоқот қилади ва идора «диққат марказида» бўлади. Шу билан бирга, терроризм ёки ўнг экстремизмга қарши курашиш ҳақида гап кетганда, «бошқа платформалардаги каби маълумотлар алмашинуви (Telegram томонидан) йўқ», деб таъкидлайди Зелен.
«Биз Telegram’га саволлар ҳам беряпмиз» ва «жавоблар - чекланган», дея унинг сўзларини келтиради AFP. «Қонунан рухсат этилган» сўровлар доирасида ахборотни жуда тез ва ишончли тақдим этувчи платформалар мавжуд, бироқ Telegram улардан бири эмас, дея қўшимча қилди Зелен. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар