22:24 / 25.11.2024
8

Қуръонни ёққани учун қамалган Никита Журавелга янги ҳукм ўқилди

Қуръонни ёққани учун қамалган Никита Журавелга янги ҳукм ўқилди
Фото: riac34.ru
Волгоград суди Никита Журавелни «давлатга хиёнат» иши бўйича айбдор деб топиб, 13 йил олти ой муддатга озодликдан маҳрум этди. Қайд этилишича, жиноят иши Волгоград области суди раисининг собиқ ўринбосари Дмитрий Туленков раислигида уч нафар суд коллегияси томонидан кўриб чиқилган.

2024 йил февралда Грозний суди Журавлёвни Қуръонни ёққани учун уч ярим йил муддатга озодликдан маҳрум этганди.

Шундай қилиб, Никита Журавел ўталмаган жазо муддати ва янги ҳукм бўйича 14 йил колонияда қолади. Бундан ташқари, унга жазо муддатини ўтаб бўлганидан кейин бир йилга озодликдан чеклаш жазоси ҳам тайинланган.

Журавел 2023 йил май ойида Волгоградда масжид олдида Қуръонни ёқиб юборгани учун ҳибсга олинган эди. Сўроқ пайтида у буни Украина махсус хизматлари кўрсатмаси билан пул учун қилганини тан олганди. Жиноий иш тергови Тергов қўмитасининг Чеченистон Республикаси бўйича бўлимига топширилган, кейинроқ у Грозний тергов изоляторига олиб кетилганди.

Грозний шаҳри суди 2023 йил май ойида Волгоградда Қуръонни ёқиб юборган Никита Журавелни 3,5 йилга озодликдан маҳрум қилган. Журавел Жиноят кодексининг диний маросимлар ўтказиладиган жойларда диндорларнинг ҳис-туйғуларини оммавий ҳақорат қилиш ва олдиндан тил бириктириб, бир гуруҳ шахслар билан безорилик қилиш моддалари бўйича айбдор деб топилган.

Журавелга қарши суд «Чеченистон Республикаси аҳолисининг кўплаб мурожаатлари» туфайли Чеченистонда ўтказилган. Грознийлик 13 имом бу ишда жабрланувчи сифатида тан олинган.

2023 йил ёзида Чеченистон раҳбари Рамзон Қодировнинг 15 ёшли ўғли Адам тергов изоляторида Журавелни калтаклади. Қодиров дўппослаш тасвирларини эълон қилди ва ўғлининг бу ишидан фахрланишини айтди.

Шундан сўнг Адам Қодиров бир қанча мукофотларга сазовор бўлди, отасининг хавфсизлик хизматида лавозимни эгаллади ва Россия Мудофаа вазирлиги таркибидаги «Шайх Мансур» баталйонига раҳбарлик қила бошлади. Унга Чеченистон Қаҳрамони унвони ҳам берилди.

Декабр ойида Рамзан Қодиров суд унинг ўғлини жазолашга қарор қилмаганини, Чеченистон расмийлари ҳам бу билан шуғулланмаслиги кераклигини айтди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қуръонни ёққани учун қамалган Никита Журавелга янги ҳукм ўқилди