19:13 / 27.11.2024
3

Украинада Трамп номзоди тинчлик бўйича Нобель мукофотига таклиф қилинди

Украинада Трамп номзоди тинчлик бўйича Нобель мукофотига таклиф қилинди
Фото: AP
Ҳукмрон “Халқ хизматкори” партиясидан Олий Рада депутати Александр Мережко Нобель қўмитасига мактуб йўллаб, АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампни 2025 йилги тинчлик бўйича Нобель мукофотига номзод қилиб кўрсатди.

Украинанинг “24-канал” маълумотларига кўра, Мережко мактубда “Трамп бутун дунёда тинчлик ўрнатишга катта ҳисса қўшган”ини айтиб, келажакда бундан ҳам кўпроқ ишлар қила олишига ишонч билдирган. Мисол тариқасида депутат Трампнинг биринчи президентлик даврида Исроил ва мусулмон давлатлари ўртасидаги келишувларда воситачилик қилганини келтирган.

Трамп, шунингдек, қурол-яроғ етказиб бериш бўйича жаҳон етакчилигини намойиш қилиб, Украинани қўллаб-қувватловчи бугунги халқаро коалицияга асос солди”, дейди Мережко.

Мережконинг ўзи Украинанинг Kyiv Independent нашрига берган изоҳида Трампнинг Тинчлик учун Нобель мукофотига номзод бўлишини “Украинанинг омон қолишига ёрдам бериши учун республикачи эътиборини жалб қилиш имконияти” сифатида қарашини тушунтирган.

Аввалроқ The Washington Post (WP) Киевдаги манбаларига таяниб, украиналик сиёсатчилар ва тадбиркорлар Трампни Украинага мамлакатнинг энергия ресурслари ва фойдали қазилмалари эвазига ҳарбий ёрдам кўрсатишга кўндиришга уринишаётгани ҳақида ёзган эди.

“Нафтогаз” раҳбари Алексей Чернишов АҚШга Украина энергетика ресурсларини сотишдан юқори фойда олишни ваъда қилган. Олий Раданинг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Владимир Василюк Украина минералларини, жумладан, замонавий юқори технологияли саноат учун муҳим бўлган литийни америкаликлар қўлига бериш зарурлигини таъкидлаган.

WP’га кўра, украиналик сиёсатчилар ҳам Трампни Украинани қўллаб-қувватлаш республикачининг “сиёсий мақсадларига эришишида фойдали” эканлигига ишонтирган. Шу билан бирга, газетанинг таъкидлашича, Владимир Зеленский Трампни Украинага ёрдам беришда давом этиш зарурлигига ишонтириши қийин бўлади, чунки Американинг янги етакчисининг яқин доиралари – вице-президент Жеймс Девид Венс ва Илон Маск қўллаб-қувватлашнинг маъносизлиги ҳақида гапиришмоқда.

Аввалроқ Трамп президентлик сайловларида ғалаба қозонса, Украинадаги можарони инаугурациядан олдин ҳам тезда ҳал қилишини, бу борада аниқ режаси борлигини бир неча бор таъкидлаган эди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украинада Трамп номзоди тинчлик бўйича Нобель мукофотига таклиф қилинди