21:15 / 02.12.2024
5

АҚШ: Суриядаги воқеалар Россия ва Эроннинг сусайганини англатади

АҚШ: Суриядаги воқеалар Россия ва Эроннинг сусайганини англатади
Фото: EPA
АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан CNN телеканалига берган интервюсида Сурия мухолифати кучлари томонидан Ҳалаб устидан назорат ўрнатилишига изоҳ берди.

«Мухолифат эътиборини йиллар давомида уларга босим ўтказган уч актёрга қаратди: Эрон, Россия ва «Ҳизбуллоҳ». Энди улар бу актёрларни заифлигини кўрмоқда ва бундан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда», деди Салливан.

Унинг сўзларига кўра, ҳужумларнинг тезкорлиги Сурия режими ва минтақавий кузатувчилар учун кутилмаган бўлган. Салливаннинг қўшимча қилишича, бу ўзгаришлар Украинадаги вазият билан бир қаторда Россия ва Эроннинг стратегик позицияларининг заифлашуви оқибатидир.

Суриядаги АҚШ қўшинлари учун юзага келиши мумкин бўлган хавфларни изоҳлар экан, Салливан шундай деди: «ИШИД билан курашга сафарбар этилган кучларимиз бошқа минтақада жойлашган, шунинг учун бу ҳужумлардан тўғридан-тўғри таҳдид йўқ. Бироқ улар Эрон, Ироқ ва Суриядаги шиа гуруҳлари таҳдиди остида қолмоқда. Биз уларни ҳимоя қилиш ва эҳтимолий ҳужумларга жавоб бериш учун ҳар куни ишлаяпмиз», деди у.

Салливан Қўшма Штатлар воқеалар ривожини хавотир билан кузатишда давом этаётганини таъкидлади. У Вашингтон Сурия режимига қарши бўлган «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» (ҲТШ) қуролли гуруҳини «террорчи ташкилот» сифатида таснифлашини эслатиб, унинг мақсад ва ниятларидан хавотир билдирди.

Шу билан бирга, Салливаннинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар мухолиф кучларнинг Россия, Эрон ва «Ҳизбуллоҳ» томонидан қўллаб-қувватланган Башар Асад ҳукуматига босим ўтказишига, айниқса Дамашқ томон олдинга силжишига эътироз билдирмайди.

У вазиятни «мураккаб» деб атади ва Вашингтон минтақавий шериклар билан фаол ҳамкорлик қилишда давом этишини айтди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ: Суриядаги воқеалар Россия ва Эроннинг сусайганини англатади