
Фото: Видеодан кадр
РФ қуролли кучлари 31 декабрга ўтар кечаси Украина бўйлаб ёпирилма зарбалар йўллади. Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари маълумотига кўра, 30 декабр куни кечқурун ҳужум бошлаган Россия армияси турли типдаги 21 ракета ва «Shaheed» русумидаги ва имитатор дронлардан иборат жами 40 та учувчисиз учар қурилмаларни учирган.
Украина томонига кўра, Россия кучлари қуйидагилардан фойдаланган:
- «Искандер-М» комплексидан учирилган олтита баллистик ракета;
- МиГ-31К қирувчисидан учирилган Х-47М2 «Кинжал» русумли битта аэробаллистик ракета;
- тактик авиация самолётларидан учирилган Х-69 русумли олтита бошқарилувчи авиация ракетаси;
- Ту-22М3 самолётларидан учирилган Х-22 русумли саккизта қанотли ракета.
Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари маълумотига кўра, мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари «Кинжал» ракетаси ва Х-69 русумли ракеталардан бештасини уриб туширган. Бундан ташқари, «Shaheed» русумли 16 та зарбдор дроннинг барчаси уриб туширилган, 24 та имитатор дронлар (сохта дронлар) ҳеч қандай зарар етказмасдан қулаб тушган.
Украина қуролли кучлари Россия ҳужуми оқибатида Суми ва Киев областларидаги нишонларга баллистик ракеталар келиб тушганини тасдиқлаган.
Маҳаллий расмийларга кўра, Суми областида Россия қўшини Шосткинский обшчинаси инфратузилмасига ракета зарбаси йўллаган. РФ қуролли кучлари Шостка шаҳри бўйлаб зарба бериш учун жами 13 ракета қўллаган, деб хабар қилган област ҳарбий маъмурияти раҳбари Володимир Артюх. Унинг сўзларига кўра, учта қозонхона шикастланиши оқибатида 43 та уй иссиқликсиз қолган. Шосткинский обшчинаси раҳбари Микола Нога аниқлик киритишича, 12 та кўп қаватли уй, иккита таълим муассасаси, поликлиника, ётоқхона ва ижтимоий соҳадаги бошқа объектлар зарар кўрган.
Киев областида Василков шаҳри ҳудудида портлаш рўй берган, деб хабар қилади «Украинская правда». Киев области ҳарбий маъмуриятига кўра, регионда ракеталар ва дронлар уриб туширилган — уларнинг парчалари тушиши оқибатида хусусий уй шикастланиб, маҳаллий аҳоли вакили бўлган аёл яраланган.
Киевда ҳам ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Россия қўшини ҳужумларини қайтарган. Шаҳарнинг Дарницкий районида учта хусусий бино ва икки автомобил шикастланган, жароҳатланганлар йўқ.
РФ мудофаа вазирлиги россиялик ҳарбийлар Украинада «ҳарбий аэродром ва Украина қуролли кучлари эҳтиёжлари учун порохли зарядлар ишлаб чиқариладиган ҳарбий-саноат комплекси корхоналари бўйлаб гуруҳли зарбалар йўллангани» ҳақида хабар берган. Вазирлик зарбалардан мақсадга эришилгани, барча объектлар аниқ нишонга олинганига ишонтирган.
Жавоб зарбалари
Украинанинг ҳаводаги ва денгиз дронлари ҳам 31 декабрга ўтар кечаси Россия регионлари, шунингдек, аннексия қилинган Қримга ҳужум қилган. РФ мудофаа вазирлиги Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари украинларнинг 68 та учувчисиз учар аппаратларини уриб туширганини маълум қилган, жумладан, Брянск областида 25 та, Қримда 17, Краснодар ўлкасида 11, Смоленск областида 10, Тверск областида иккита амда Ростов, Курск ва Калуга областларида биттадан. Вазирлик маълумотига кўра, Қора денгиз флоти кучлари украинларнинг экипажсиз саккизта катерини ҳам йўқ қилган.
Смоленск областининг Ярцев районда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари бир неча дронни уриб туширди, деб хабар қилган губернатор Василий Анохин. Унинг сўзларига кўра, дронлардан бирининг парчалари нефт база ҳудудига тушган. «Натижада ёнилғи тўкилиши ва ёнувчи моддалар оловланиши кузатилди», — деб хабар берган регион раҳбари. У турар жойларга хавф йўқлигини қўшимча қилган.
Шимолий Осетияда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Шалхи полигони узра бир дронни уриб туширди, деб хабар қилган регион раҳбари Сергей Меняйло. Унинг сўзларига кўра, жабрланганлар ва вайронгарчиликлар йўқ. Ҳужумлар туфайли Владикавказ аэропорти самолётларни қабул қилиш ва юборишни тўхтатган. Шунингдек, Грозний ва Маҳачқалъа аэропортларида ҳам рейсларни юбориш ва қабул қилишда вақтинчалик чекловлар жорий этилган. Бундан ташқари, расмийлар Қозон аэропорти фаолиятини чеклаган. Росавиация бир неча соат ўтиб барча чекловлар олиб ташлангани ҳақида хабар берди.
Россия мониторинг пабликлари Қора денгиз соҳилидаги Туапсе ва Новороссийск шаҳарлари ҳудудларида, шунингдек Азов денгизи соҳилидаги Ейскда рўй берган портлашлар ҳақида хабар тарқатган.
Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси ракеталар билан жиҳозланган Magura V5 русумли денгиз дрони тарихда илк бор ҳаводаги нишонга аниқ зарба берганини маълум қилди. Бошқарма маълумотига кўра, денгиз дрони Қора денгизда, Қрим ғарбидаги Тарханкут бурни ҳудудидаги жангда Россиянинг Ми-8 вертолётини уриб туширган.
Украина разведкасидагилар дрон вертолётга Р-73 «SeaDragon» ракеталари билан ҳужум қилганини тасдиқлаган. Разведкадагилар жанг вақтида Россиянинг яна бир вертолёти «шикастлангани ва аэродромга етиб олишга муваффақ бўлгани»ни қўшимча қилган. Разведка Ми-8 вертолётига ҳужум акс этган видеони намойиш этган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар