14:52 / 10.01.2025
26

Ижтимоий тармоқларда Башар Асаднинг аёли ҳақида узунқулоқ гап тарқалди

Ижтимоий тармоқларда Башар Асаднинг аёли ҳақида узунқулоқ гап тарқалди
Ижтимоий тармоқларда Сурия собиқ президенти Башар Асаднинг рафиқаси Асмо Асад Буюк Британия ва АҚШ жосуслик хизматлари билан ҳамкорлик қилгани ҳақида хабар тарқалди.

Туркиянинг «Yeni Şafak» газетаси ёзишича, бу ҳақдаги ҳужжатларни суриялик журналист Низар Наюф ва «Watanserb» медиа ташкилоти чоп этган.

Ушбу ҳужжатларга кўра, Асмо Асад (қизлик фамилияси – ал-Ахрас) Башар Асадга турмушга чиққунга қадар, 1992 йилдан бошлаб Британиянинг MI5 ва MI6 разведка хизматлари билан ҳамкорлик қилган ва Суриянинг ички ҳамда ташқи сиёсатини шакллантиришда муҳим ўрин тутган.

Ҳужжатлардан англашилишича, Асмо Асад Лондондаги J.P. Morgan банкида ишлаган пайти параллел равишда инглиз разведкасига маълумот йиғиш билан шуғулланган. 1992 йил декабрь ойида Асмо, унинг онаси Сахар ал-Атриссий, Башар Асад (бу пайтда Сурия президенти Ҳофиз Асаднинг шунчаки ўғли мақомида) ҳамда MI5 разведка хизмати катта зобити Элиза Маннингем-Буллер иштирокида учрашув бўлиб ўтгани иддао қилинади. Маълумот ўрнида, Элиза Маннингем-Буллер 2002-2007 йилларда MI5 разведка хизматига раҳбарлик қилган. Ҳужжатда мазкур учрашувда Сурия ва Исроил ўртасидаги тинчлик музокаралари муҳокама қилингани айтилади.

1994 йил декабрга оид ҳужжатда эса Буюк Британияга сафарлари давомида Башар Асад инглиз махфий хизмати кузатуви остида бўлгани қайд этилади.

Ҳужжатларда Асмо Асад АҚШ миллий хавфсизлик кенгаши билан ҳам ҳамкорлик қилгани даъво қилинади.

«Middle East Eye» нашрининг ёзишича, Асмо Асад жосуслик қилгани ҳақидаги ҳужжат сохта деб баҳоланмоқда. Ҳужжат қалбаки эканини тасдиқловчи далиллардан бири шуки, 1992 йилга мансублиги айтилган қоғоздаги ёзувлар 2015 йилда ихтиро қилинган шрифтда ёзилган.

Асмо Асад 1975 йилда Лондонда сурияликлар оиласида туғилган. Унинг онаси Сурия элчихонаси ходими, отаси эса шифокор эди. Ўзига тўқ оилада ўсган қиз нуфузли мактаб ва олий ўқув юртларида таҳсил олган, араб, инглиз, француз ва испан тилларини ўрганган. «Дойче банк» (Германия) J.P.Morgan (АҚШ) каби нуфузли ширкатларда ишлаган. Лондондалик чоғларида у Сурия президенти Ҳофиз Асаднинг ўғли Башар билан танишади. У маҳаллар Башар Асад ёш офтальмолог сифатида Лондонга малака оширишга тез-тез бориб турар эди. Шу тариқа 2000 йилда улар турмуш қуради. 25 ёшига қадар Лондонда яшаган Асмо хоним энди мамлакат биринчи хоними сифатида Дамашқни манзил-макон тутади.

Сурияда 2011 йилда бошланган фуқаролар уруши мобайнида президент Башар Асад халқаро майдонда ёмонотлиқ бўлди. У юз минглаб одамни қирган, ўз халқига қарши кимёвий қурол қўллаган ва кўзини ҳокимият қутқуси кўр қилган мустабид сифатида танқидга учради. Асмо Асад эса эрининг жиноятларида шерикликда айбланди.

2021 йилдаёқ Буюк Британия полицияси Суриядаги фуқаролар уруши пайтида террористик ҳужумларни қўзғатишда айбдорликда гумон қилиб, Асмо Асадга нисбатан дастлабки терговни бошлаганди.

Аввалроқ Башар Асад ўз ўрнига рафиқасини тайинлашга ҳозирлик кўраётгани ҳақида ҳам овоза тарқалган, Асмо хоним парокандаликка юз тутган мамлакатдаги турли сиёсий гуруҳлар учун мақбул номзод бўлиши мумкинлиги айтилган эди.

2024 йил 8 декабрь куни Асад режими қулаши ортидан Асмо Асад ҳам эри билан бирга Россияга қочди. Айрим турк ва араб нашрлари Асмо Асад 24 йиллик турмушидан кейин ажрашиш учун ариза бергани ва ўзи туғилиб ўсган Лондон шаҳрида янги ҳаёт бошлашни хоҳлаётганини ёзди. Бироқ Буюк Британия ТИВ мамлакат уни қабул қилишга тайёр эмаслигини маълум қилди.

Кремль ҳам Асадлар оиласи ажрашаётгани ҳақидаги хабарни рад этиб чиқди.

Хабарларга қараганда, Асмо Асад лейкемия (қон саратони) туфайли яккалаш тартибига ўтказилган. Шифокорлар унинг яшаш имкониятини «50/50» деб баҳолашмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё