00:13 / 16.01.2025
4

Хитой Байденни иккиюзламачиликда айблаб, санкцияларга жавоб қайтаришга ваъда берди

Хитой Байденни иккиюзламачиликда айблаб, санкцияларга жавоб қайтаришга ваъда берди
Фото: Reuters
Хитой бошқа мамлакатларнинг ривожланишини бостиришга ва чегаралашга қаратилган иккиюзламачи сиёсат олиб бораётган АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден маъмурияти ҳаракатларига жавобан чоралар кўради. Бу ҳақда Хитой Савдо вазирлиги маълум қилди.

Байден ҳукумати ўз ваколатларининг қолган муддатидан фойдаланиб, Хитойга нисбатан савдо чекловларини жадал жорий этмоқда”, дейилади вазирлик баёнотида.

Вазирликнинг таъкидлашича, улар санкциялар, чеклаш ва бостиришга таяниб, бир нарсани айтиб, амалда эса бошқа нарсани кўрсатмоқда.

Бу ХХР тараққиётини тўхтата олмайди, аксинча унинг ўз-ўзини такомиллаштириш жараёнини тезлаштиради, илмий-техник инновациялар соҳасидаги ишончини ва қобилиятини янада мустаҳкамлайди”, дея қўшимча қилган вазирлик.

Хабарда қайд этилишича, Оқ уй миллий хавфсизликни ҳимоя қилиш баҳонасида Хитойга босим ўтказишга уринмоқда. Бунинг учун ярим ўтказгичлар ишлаб чиқариш билан боғлиқ экспорт устидан назоратни кучайтирмоқда, шунингдек, Хитойнинг интернетга уланадиган дастурий таъминоти, ускуналари ва транспорт воситаларидан фойдаланишни чекловчи қоидаларни жорий этмоқда.

Қўшма Штатлар, шу билан бирга, дронлар, ахборот-коммуникация технологиялари ва хизматлари бўйича текширувлар бошлаб юборди. Бундан ташқари, Америка томони бир қатор Хитой компанияларига қарши санкциялар қўллаб, уларни обрўсиз бозорлар рўйхатига киритди.

Хитой ушбу чоралардан қатъий норози. Байден маъмуриятининг бу ҳаракатлари Хитой корхоналарининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини жиддий равишда камситмоқда, бозор қоидалари ва халқаро савдо-иқтисодий тартибни бузмоқда”, дейилади Савдо вазирлиги хабарида.

Вазирликнинг қайд этишича, бу нафақат Хитой-АҚШ савдо-иқтисодий муносабатларига зарар етказади, балки жаҳон иқтисодиётининг барқарор ривожланишига жиддий таъсир кўрсатади.

Хитой тегишли чоралар кўради ва ўз суверенитети, хавфсизлиги ҳамда тараққиёт манфаатларини қатъий ҳимоя қилади”, дея хулоса қилган идора.

Бир кун аввал АҚШ Миллий хавфсизлик вазирлиги (DHC) Хитойнинг 37 та компаниясини уйғурларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланадиган корхоналар рўйхатига киритилганини эълон қилди. Хитойнинг энг йирик тўқимачилик ишлаб чиқарувчиларидан бири — Huafu Fashion ҳамда унинг 25 та бўлинмаси ушбу қора рўйхатга киритилди. Қуёш панелларининг йирик ишлаб чиқарувчилари, жумладан Donghai JA Solar ва Jiangsu Meike Solar ҳам рўйхатдан жой олган.

Фото: Getty Images
Бундан ташқари, санкциялар бир нечта аккумулятор батареялари ишлаб чиқарувчилари ва кончилик компаниялари ҳам қаратилган. DHC баёнотига кўра, UFLPA қонуни остида чеклов қўйилган Хитой компанияларининг умумий сони 144 тага етди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг