23:30 / 26.01.2025
405

АҚШ Украинага гуманитар ёрдам дастурини тўхтатмоқчи, бу нима дегани?

АҚШ Украинага гуманитар ёрдам дастурини тўхтатмоқчи, бу нима дегани?
Ҳафта охирида АҚШнинг янги давлат котиби Марко Рубио кўплаб хорижий ёрдам грантлари бўйича тўловларни 90 кунга музлатиб қўйиш ва янги грантларни тўхтатиб туриш тўғрисида фармойиш чиқаргани маълум бўлди. Бу Украинага энергетика, таълим ва тиббиёт соҳасидаги ёрдамларни тўхтатишни ҳам ўз ичига олади. Шунингдек, украиналик қочқинларни қабул қилиш тўхтатилади.

Аввалроқ президент Доналд Трамп ушбу маблағлар тақсимланиши мамлакат ташқи сиёсатига мос келишини текшириш учун ёрдам тўловларини тўхтатишни буюрганди. Кейинги ойлар давомида Марк Рубио қайси дастурларни узайтириш, ўзгартириш ёки тўхтатиш бўйича қарор қабул қилиши керак. Шу билан бирга, у ҳозирнинг ўзида айрим дастурлар учун истисно қилиши ҳам мумкин.

Бунинг акс садоси қандай бўлади, Киевда муқобил йўл бўладими? Экспертлар «Геосиёсат» дастурининг навбатдаги сонида шу мавзуни ҳам муҳокама қилишди.

Камолиддин Раббимов: Доналд Трамп фармонига кўра, Украинага кўрсатилаётган ёрдам уч ой давомида тўхтатиб турилади ҳамда қайта кўриб чиқилади. Шу билан бирга, Украинанинг асосий приоритетлари учун пул ажратилишда давом этади.

Трампнинг ўзи изоляция тарафдори бўлган беқарор сиёсатчи бўлиши мумкин, аммо унинг атрофида профессионал сиёсий элита мавжуд. Улар жуда яхши тушунадики, агар улар Украинада мағлубиятга учраса, бу Американинг Афғонистондаги урушдан кейинги иккинчи йирик мағлубияти бўлади.

Урушни айни паллада тўхтатиш Россия манфаатларига жуда мос бўлиши мумкин, бироқ агар шундай қилинса, бу Путин стратегик жиҳатдан ютқазганини англатади. Чунки ҳозирда Россия конституциясига киритилган 4 та област тўлиқ назоратда эмас, шунингдек, Украинанинг мустақил ҳудудлари НАТО ва Европа Иттифоқига кириш имкониятини қўлга киритади.

Путиннинг мақсади эса Украинанинг бундай имкониятларини йўққа чиқариш ҳамда ўзига бўйсундиришга қаратилган. Путин урушни техник жиҳатдан тўхтатиши мумкин, бироқ Қрим аннексиясидан 8 йил ўтиб Украинага ҳужум қилингани каби яна бир неча йилдан кейин қайтадан юриш бошлаши эҳтимолини истисно қилиб бўлмайди.

Шуҳрат Расулов: Трампнинг мазкур қарорини унинг сайловолди ваъдалари билан боғлаш мумкин. Кампания вақтида Трамп жуда кўп ваъдалар берди, уларни умумлаштирсак, у тежаш сиёсати бўйича иш юритмоқчи бўлаётганини англаш мумкин.

Шунингдек, у дунёга самарадорликни таҳлил қилиш ва таъминлаш борасида янги институтни тақдим қилди. Бунда Трамп мамлакатнинг нафақат ички, балки ташқи харажатларини ҳам тежаб қолишга уринмоқда. Мазкур тежалган маблағ миқдори йилига 500 млрд долларни ташкил этиши режалаштирилган.

Украина мазкур уч ой ичида заифлашиши қийин масала, чунки Жо Байден маъмуриятни тарк этишидан олдин Украинага катта миқдорда ҳарбий ва молиявий ёрдам юборган ва Украина бу ресурслар ёрдамида 7-8 ой давомида бир хил маромда жанг қилиши мумкин.

Ҳозирда Трамнинг атрофидаги сиёсий элита ҳам Украинага ёрдам бериш тўхтатилмаслиги керак деб ҳисобламоқда. Шунингдек, барча сиёсий шахслар ҳамда оммавий ахборот воситалари Афғонистондаги воқеалар қайтарилмаслиги кераклигини таъкидламоқда. Агар Украина ва АҚШ бу урушни бой берса, барча жавобгарлик айнан Доналд Трамп елкасига тушади. Шунингдек, мағлубиятнинг олдини олиш мақсадида Россияга тинчлик шартномаси таклиф қилинади, Россия буни рад этса, Трампнинг ўзи ҳам Украинага ёрдам салмоғини ва сифатини ошириши мумкин.

Ойбек Сирожов: Доналд Трамп Украинага ёрдамни 90 кунга музлатди ва шу билан бирга, [Россия ва Украина бўйича махсус вакили] Кит Келлогга яқин 100 кун ичида урушни тўхтатиб музокараларга келишга икки томонни кўндириш вазифасини топширди. Демак, мазкур уч ой давомида урушни тўхтатиш бўйича турли шартнома ва қарорлар қабул қилинади, бу эса Украинанинг қабул қилажак қарорларига салбий таъсир кўрсатади.

Мазкур муддат Россия учун урушни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш имконияти ҳисобланади, агар шу муддат ичида Россия ўз позициясини ўзгартирмаса, ундан кейинги воқеалар Россия учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Бу музлатиш фронтдаги манзараларга таъсир кўрсатади, бироқ жиддий эмас, чунки Украина ҳозиргача ҳам АҚШдан керагича ёрдам олиб бўлган. Бундай ҳолат илгари ҳам юз берган, яъни Конгресс қарорлари кечикиши натижасида ёрдам юбориш муддати чўзилган ва Украина фронтларда маълум даражада қийинчиликка учрашни бошлаган. Ҳозир ҳам Россия фронтларда тинимсиз ҳужум уюштирмоқда ва олдинга силжимоқда, шундай экан, Трампнинг қарори жуда катта таъсир кўрсатмаса ҳам, нисбатан Украинани заифлаштиради.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг