11:15 / 03.02.2025
820

Данияда яна Қуръони Карим нусхаси ёқиб юборилди (видео)

Данияда яна Қуръони Карим нусхаси ёқиб юборилди (видео)
Фото: Видеодан кадр
Даниянинг “Қаттиқ курс” партияси етакчиси Расмус Палудан 1 февраль куни муқаддас Қуръони Карим нусхасини яна ёқиб юборди. Бу ҳақда у ўзининг Х (собиқ Twitter) саҳифасида маълум қилди.

“Соат 12:38 да Туркиянинг Копенгагендаги элчихонаси олдида Қуръон ёндирилди”, деб ёзган у. Видеода эса ёнаётган китоб акс этган.

Бу Расмуснинг Қуръонни ёқиб юборишига оид биринчи ҳолат эмас. У 2023 йил январь ойида Стокгольмдаги Туркия элчихонаси олдида Қуръонни ёқиб юборганди, бир неча кундан сўнг Даниядаги масжид эшиги олдида ҳам шундай қилган.

Ўшанда нафақат маҳаллий ҳокимият рухсати билан, балки полиция назорати остида ҳам ўтказилган ҳар икки ҳаракат мусулмон мамлакатларида ўта салбий муносабатга сабаб бўлган. Туркия ҳатто Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги аризасини блоклаш билан таҳдид қилган. Бироқ кейинроқ Швеция полицияси Стокгольмдаги бош масжид яқинида Қурбон ҳайитининг биринчи кунида Қуръонни ёқиб юборишга рухсат берган.

Мазкур ҳаракатлардан сўнг Дания парламенти диний матнларни ёқишни тақиқловчи қонунни қабул қилган. Бундай ҳаракатлар учун икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилади.

Қуръонни ёққан ироқлик эркак ўлдириб кетилди

29 январь куни Швециянинг Сёдертеле шаҳрида 2023 йилда Қуръонни бир неча бор ёққани ортидан танилган ироқлик Салван Момика отиб кетилди. Эркак TikTokъда жонли эфир олиб бораётган пайтда ҳужумга учраган. Ҳолат юзасидан 5 киши ҳибсга олинган.

Салван Момика 2018 йилда Ироқдан Швецияга келган, 2021 йилда уч йиллик яшаш рухсатномасини олган. 2024 йил ёзида унинг вақтинчалик яшаш рухсатномаси бир йилга узайтирилган. Швеция прокуратураси Момикага “нафрат қўзғатиш” моддаси бўйича айблов қўйган.

У 2023 йил ёзида Стокгольмнинг тўрт жойида Қуръонни ёқиб юбориш билан боғлиқ тўртта ҳолат бўйича айбланган. Ироқ Швециядан Қуръонни ёқиб юборган фуқаросини топширишни талаб қилган. Қуръон ёқилгани акс этган кадрлар жиноий қилмишлар далили ҳисобланади. 30 январь куни суд Момикага қарши ҳукм чиқариши керак эди. Аммо “ўлим тасдиқлангани” туфайли суд ҳукмини эълон қилиш кечиктирилган.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг