21:06 / 10.03.2025
256

Сурияда алавийлар қирғини: зўравонлик кучаймоқда, ҳукумат жавобгарликни ўз зиммасига олди

Сурияда алавийлар қирғини: зўравонлик кучаймоқда, ҳукумат жавобгарликни ўз зиммасига олди
Сурияда сўнгги кунларда тинч аҳолига қарши кенг кўламли зўравонлик содир этилмоқда. Буюк Британияда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқларини мониторинг қилиш маркази (SOHR) маълумотига кўра, мамлакат ғарбида, Ўрта Ер денгизи соҳилида жойлашган шаҳарларда алавийларга қарши ҳужумлар натижасида 973 нафар тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган. Қуролли тузилмалар аъзолари ҳам қўшиб ҳисобланганда, қурбонларнинг умумий сони 1,3 минг кишини ташкил этади.

Ҳукумат ваъзиятини қандай баҳоламоқда?

Сурия президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Аҳмад аш-Шаръа ҳукумат хавфсизлик кучларига қарши амалга оширилган ҳужумлар учун «собиқ тузум тарафдорлари»ни айблади. Давлат телевидениесида қилган чиқишида аш-Шаръа тинч аҳоли ўртасида қон тўкилишига сабаб бўлган ҳар қандай кучларга қарши қатъий чоралар кўрилишини таъкидлади.

"Бугун биз оғир кунларни бошдан кечираётганимизда, собиқ ҳукумат қолдиқлари ва чет эллик тарафдорлар мамлакатимизда янги низони қўзғатишга ҳаракат қилмоқда. Уларнинг мақсади – Сурияни парчалаш ва барқарорлигини йўқ қилиш," – деди у.

Шунингдек, аш-Шаръа жиноятларни текшириш ва айбдорларни аниқлаш мақсадида мустақил қўмита ташкил этилишини эълон қилди.

Алавийлар яшайдиган ҳудудлардаги вазият

Маълумотларга кўра, алавийлар яшайдиган туманларда юзлаб оилалар ўз уйларини тарк этган. Reuters агентлиги хабар қилишича, айримлар Россиянинг Латақиядаги Ҳмеймим ҳарбий базасига паноҳ излаб борган. Базадан ташқари, кўплаб оилалар қўшни Ливанга ҳам қочиб кетган.

"Зўравонлик алавий жамоасини даҳшатли ҳолатга солиб қўйди," – дейди маҳаллий фаоллардан бири BBC мухбирига.

SOHR маълумотларига кўра, Суриядаги ҳозирги тартибсизлик 2024 йил декабр ойида Асад ҳукумати ағдарилганидан бери кузатилаётган энг кучли зўравонлик тўлқини. Икки кун давомида мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган, улар орасида хавфсизлик кучлари ва Асадга содиқ бўлган қуролли шахслар ҳам бор.

Жаҳон ҳамжамиятининг муносабати

БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили Гейр Педерсен зўравонликларни кескин қоралади ва мамлакатда тинчликни тиклаш зарурлигини таъкидлади. Барча томонларни беқарорликка олиб келувчи ҳаракатлардан тийилишга чақирди.

Халқаро кузатувчилар Суриядаги сўнгги воқеаларни ҳукуматнинг мамлакатни бошқариш қобилиятига жиддий таҳдид сифатида баҳоламоқда. Reuters агентлиги янги ҳукуматнинг инклюзив бошқарувни таъминлаш қобилияти шубҳа остида қолганини ёзмоқда.

Суриядаги сўнгги воқеалар тинч аҳоли орасида жиддий талафотларга олиб келди. Ҳукумат Асад тарафдорларини зўравонликда айблар экан, алавийлар яшайдиган ҳудудларда беқарорлик кучаймоқда. Халқаро ҳамжамият эса вазиятни диққат билан кузатиб, тинчлик ўрнатиш учун барча тарафларни музокараларга чақирмоқда.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг