
Францияга расмий ташриф билан борган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Франциянинг олий мукофоти – Фахрий Легион ордени билан тақдирланди. Ушбу материалда ана шу мукофот ҳақидаги маълумотларни тақдим этамиз.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Франция президенти Эммануэл Макрoннинг таклифига биноан 11-13 март кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди. Олий даражадаги музокара ва тадбирлар, Франциянинг расмий ва ишбилармон доиралари билан қатор учрашувлар ўтказилди. Ўзбекистон ва Франция ўртасида стратегик шериклик ўрнатилди.
Тадбирнинг яна бир муҳим воқеаси Ўзбекистон президентининг Франция олий мукофоти – Фахрий Легион ордени билан тақдирлангани бўлди.
Хўш, бу қандай мукофот? У қачон таъсис этилган ва кимларга берилади? Шу каби саволларга жавоб излаб кўрдик.
Фахрий Легион ордени
Фахрий Легион ордени француз императори Наполеон Бонапарт томонидан таъсис этилган. 1802 йил 19 май куни Давлат кенгаши олий мукофот ҳақидаги қонунни қабул қилади.
Наполеон Бонапарт Францияда янги мукофот тизимини жорий қилиб, ҳарбий ва фуқаролик хизматларини тақдирлаш мақсадини кўзлаганди.
Кейинчалик, 1815 йилда Наполеон тахтдан ағдарилади. Унинг ўрнини эгаллаган Людовик ХVIII Фахрий Легион орденини сақлаб қолади.
Фахрий Легион ордени Франция фуқаролари билан биргаликда хорижий давлатлар фуқароларига ҳам берилади ва у мамлакатнинг олий мукофоти ҳисобланади.
Шунингдек, Францияда ушбу орденнинг берилиши алоҳида хизматларнинг давлат даражасида эътироф этилиши ва шон-шарафнинг энг юқори белгиси ҳисобланади.
Фахрий Легион ордени Франция ва хорижий давлатлар фуқароларига қуйидаги хизматлари учун берилади:
· Францияга катта фойда келтирган шахслар;
· Қаҳрамонлик ва юксак ҳарбий хизматлари учун ҳарбийлар;
· Илм-фан, санъат, адабиёт ва иқтисодиёт соҳаларида катта ютуқларга эришган шахслар ва бошқалар.
Қоидага кўра Франция фуқароси узоқ йиллар давомида давлат хизматида бенуқсон, хатоларга йўл қўймай ишласа ва жиддий муваффақиятларга эришса, Фахрий Легион орденини олиши мумкин. Ўшанда ҳам унга мукофотни беришни лозим топишса ва бир нечта босқичлардан ўтса, албатта.
Аммо алоҳида қаҳрамонлик кўрсатган ёки унвони юқори бўлган ҳарбийлар, жиддий муваффақиятга эришган бошқа шахслар дастлабки босқичлардан ўтиши шарт бўлмайди ва мамлакат раҳбари лозим топса, орден топширилади.
Фақат Франция президенти қоидадаги талаблардан мустасно ва давлат раҳбари автоматик тарзда Фахрий Легион ордени соҳиби бўлади.
Фахрий Легион ордени уч хил даражага эга: кавелер, зобит, олий зобит. Хорижликларга асосан энг юқори даражаси – олий зобит олтин нишони топширилади.
Шу пайтгача уни кимлар олган?
Фахрий Легион ордени таъсис этилгандан бошлаб шу пайтгача 200 йилдан ошиқроқ вақт мобайнида 1 миллиондан ортиқ шахсга берилган.
Улар орасида Франция фуқаролари билан бирга жуда кўплаб хорижлик монархлар, давлат раҳбарлари, таниқли сиёсатчилар, олимлар ва бошқа соҳа вакиллари бор. Шунингдек, бу мукофот айрим шаҳарларга ҳам берилган.
Фахрий Легион орденига муносиб кўрилган таниқли шахслар:
· Абдулмажид I (Усмонийлар империяси 31-султони)
· Отто фон Бисмарк (Германиянинг биринчи канцлери)
· Уинстон Черчилл (Британия бош вазири)
· Чарли Чаплин (Голливуд актёри ва режиссёри)
· Конрад Аденауэр (ГФРнинг биринчи канцлери)
· Илҳом Алиев (Озарбойжон президенти)
· Борис Елцин (Россия президенти)
· Ҳусни Муборак (Миср президенти)
· Владимир Путин (Россия президенти)
· Муҳаммал ибн Зайд ал-Наҳаён (БАА президенти)
· Нурсултон Назарбоев (Қозоғистон президенти)
· Жан-Пол Белмондо (Француз актёри)
· Зинедин Зидан (франциялик футболчи)
· Тиери Анри (франциялик футболчи) ва бошқалар.
Британия қироличалари Виктория 1843 йилда, Мария 1927 йилда, Елизавета 1938 йилда, Елизавета II 1948 йилда, Покистон бош вазири Беназир Бхутто 1990 йилда, Германия канцлери Ангела Меркел 2021 йилда Фахрий Легион орденини олган.
Энди Фахрий Легион орденини олган шахслар рўйхатига Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам қўшилди.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар