SK Hynix ходимларига 470 минг доллар мукофот тўлади

Жанубий Кореянинг SK Hynix компанияси ўз ходимларига катта миқдорда мукофот пули тўлаши билан диққат марказига тушди. Маълумотларга кўра, компания 35 минг нафар ходим ўртасида тақсимлаш учун умумий 16,9 миллиард долларлик пул жамғармасини ажратган. Ҳар бир ходим ўртача ҳисобда 470 минг долларгача мукофот олиши мумкин.
Бу қарор компаниянинг яримўтказгичлар бозорида, хусусан Nvidia учун HBM хотира чипларини ишлаб чиқаришдаги муваффақияти билан боғланмоқда. Айнан шу технология сунъий интеллект учун мўлжалланган дата-марказлар ишида муҳим ўрин тутади ва SK Hynix даромадини кескин оширган.
Бироқ бу ҳолат жамиятда турли баҳсларни ҳам келтириб чиқарди. Кореяда баъзи фуқаролар давлат 2024 йилда соҳага 13,6 миллиард доллар кредит орқали ёрдам берганини эслатиб, компания фойдаси “умумий ресурс” ҳисобланиши кераклигини билдиришмоқда. Улар катта даромаднинг бир қисми фақат ходимларга эмас, балки кенг жамоатчиликка ҳам тақсимланиши лозимлигини таъкидлашмоқда. Бу эса корпоратив фойда ва давлат қўллаб-қувватлаши ўртасидаги мувозанат ҳақида янги муҳокамаларни кучайтирмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!