18:43 / 19.03.2025
138

АҚШда азот газидан фойдаланган ҳолда биринчи қатл амалга оширилди

АҚШда азот газидан фойдаланган ҳолда биринчи қатл амалга оширилди
АҚШ Луизиана штатида азот газидан фойдаланган ҳолда биринчи қатл амалга оширилди. Америка матбуотига кўра, Олий суд округ судьясининг ўлим жазосини ижро этишни тўхтатиб туриш ҳақидаги буйруғини бекор қилганидан сўнг, 46 ёшли маҳбус Жесси Ҳоффман жазога тортилди.

Унинг адвокати Сесилия Каппел сўзларига кўра, қатл «маъносиз» бўлди, чунки маҳбуснинг ҳозирги аҳволи 18 ёшда бўлган ва қотилликни содир этган даврдаги билан «бир хил эмас» эди.

Ҳоффман 1996 йилда 28 ёшли реклама директори Мэри Эллиоттни қурол ўқталган ҳолда ўғирлаб кетган. Сўнгра, банкоматдан 200 доллар ечиб олишга мажбурлаган. Кейинчалик зўрлаган ва отиб ташлаган.

Қайд этилишича, Ҳоффманга нисбатан ўлим жазосининг ижроси Луизиана штатида сўнгги 15 йил ичида биринчи марта содир бўлди. Шунингдек, бу штатда биринчи марта маҳбус азот гази ёрдамида қатл этилди.

Феврал ойида Ҳоффман қатлни кечиктиришни сўраб штат устидан судга мурожаат қилган эди. Ҳимоя томони март ойи бошида бўлиб ўтган тингловда азотдан фойдаланиш АҚШ Конституциясига кўра «шафқатсиз» усул эканлигини таъкидлади.

12 март куни округ суди судьяси Шелли Дик азот гази ижросини тақиқлашга оид дастлабки қарор чиқарди. Бироқ АҚШ Олий суди бу қарорни бекор қилди.

Қўшма Штатларда ўлим жазоси федерал даражада ва аксарият штатларда қонуний бўлиб қолмоқда, гарчи унинг қўлланилиши жуда хилма-хил бўлса ҳам.

2024 йил ҳолатига ўлим жазоси 24 штатда қонунийдир. 23 штат уни расман бекор қилган. Қолган штатларда мораторий остида.

Жазони ижро этишнинг энг кенг тарқалган усули — инъекция. Аммо баъзи штатларда электр стули, отиш, газ камераси ва осиш каби усуллар ҳам қўлланади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг