Қирғизистондаги зилзила Ўзбекистоннинг тўрт ҳудудида сезилди

Қирғизистондаги зилзила Ўзбекистоннинг тўрт ҳудудида сезилди

Бугун, 1 октябрь куни Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида ер силкиниши қайд этилди. Зилзила Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида ҳам сезилган. Бу ҳақда Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази маълум қилди.

Марказ хабар беришича, ер қимирлаши соат 13:17 да содир бўлган. Қайд этилган зилзиланинг магнитудаси 4,3 ни ташкил этган, ўчоқ чуқурлиги эса 10 километр бўлган.

Маълумотларга кўра, зилзила эпицентри Тошкент шаҳрига нисбатан 333 километр шимолий-шарқда, Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти ҳудудида жойлашган.

Зилзиланинг географик координаталари 41,39 даража шимолий кенглик ва 73,2 даража шарқий узунлик сифатида кўрсатилган.

Ер силкиниши Ўзбекистон ҳудудининг айрим нуқталарида 2 балл куч билан сезилган.

Хусусан, зилзила таъсири қуйидаги ҳудудларда қайд этилган:

  • Хонобод туманида — 2 балл, эпицентрдан 68 километр;

  • Қўрғонтепа туманида — 2 балл, 75 километр;

  • Пахтаобод туманида — 2 балл, 80 километр;

  • Жалақудуқ туманида — 2 балл, 88 километр.

Шу тариқа, Қирғизистондаги ер силкиниши Ўзбекистоннинг мазкур тўрт ҳудудида енгил даражада сезилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 сентябрь куни ҳам Қирғизистон ҳудудида зилзила содир бўлгани ҳақида хабар берилган эди.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар