11:21 / 30.03.2025
651

Ryanair раҳбари билан Luvida ресторанида рўй берган қизиқарли ҳодиса

Ryanair раҳбари билан Luvida ресторанида рўй берган қизиқарли ҳодиса
Ryanair бош директори Майкл О’Лири Ирландиянинг Наван шаҳарчасида жойлашган Luvida ресторанида ҳақиқий сюрпризга дуч келди.

Ҳар бир қулайлик учун алоҳида ҳақ тўлаш сиёсати билан танилган Ryanair авиакомпаниясининг раҳбари мазкур ресторанда ҳазиломуз ҳолатга тушди. О’Лири батафсил таомномадан баҳра олган бўлса-да, унинг таомдан кўра кўпроқ диққатини тортган нарса – ҳисобдаги «қўшимча хизматлар» бўлди.

Ryanair стилдаги чек

Luvida ресторани О’Лири учун махсус чекини тайёрлади, унда қуйидаги «қўшимча хизматлар» қайд этилган эди:

- Оёқлар учун қўшимча жой — €7.95
- Яхшироқ жой учун тўлов — €9.95
- Тинч ҳудудни брон қилиш — €19.95

Булардан ташқари, ресторан ҳақиқий таомларни ҳам ҳисобга олган: сибас, креветка, тост ва бир шиша Pinot Grigio. Жами ҳисоб €142.30 бўлган.

Майкл О’Лири бу ҳазилни қандай қабул қилди?

Ресторан маъмурияти кейинчалик бу ҳақларни ундиришга «юраги дов бермагани»ни тан олди. Майкл О’Лири эса бу ҳазилни жуда илиқ қабул қилиб, ресторан ходимлари билан суратга тушди ва саховатли чойчақа қолдирди.

Ryanair услуби ҳаётга кўчди!

Бу воқеа интернетда тез тарқалди ва жамоатчилик томонидан илиқ қарши олинди. Ryanair йўловчилари яхши билганидек, компанияда ҳар бир қулайлик – ҳатто самолетга устуворлик билан чиқиш ёки оёқлар учун кенг жой – алоҳида ҳақ эвазига тақдим этилади. Luvida ресторани айнан шу концепцияни ҳаётга кўчириб, О’Лирини кутилмаган тарзда ҳайратда қолдирди.

Бу ҳолат нафақат қизиқарли PR ҳаракати, балки юмор орқали мижозлар билан алоқа ўрнатишнинг яхши намунаси сифатида ҳам баҳоланди. О’Лири учун эса – эҳтимол, кулгили бир сабоқ бўлди!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг