date 21:02 / 07.04.2025
views 203

Хитойда суд юзлаб тирик тимсоҳларни кимошдига қўйди — бошланғич нарх 550 минг доллар!

Хитойда суд юзлаб тирик тимсоҳларни кимошдига қўйди — бошланғич нарх 550 минг доллар!
Хитойнинг Шэнжэн шаҳрида бир неча юз тирик тимсоҳ расман... сотувга қўйилди! Шаҳар халқ суди оғирлиги 100 тоннадан ошган судралиб юрувчиларни онлайн аукцион орқали сотишга қарор қилди. Лотнинг бошланғич нархи — 4 миллион юан, яъни тахминан 550 минг АҚШ доллари!

Интернетдаги ушбу ажабланарли кимошдини Alibaba платформаси ўтказмоқда. Савдога қўйилган тимсоҳлар аввал Guangdong Hongyi Crocodile Industry Company'га тегишли бўлган. Аммо компания қарзларини тўлай олмагани сабабли, ҳайвонлар мусодара қилиниб, суд қарори билан сотувга қўйилди.

Тимсоҳ сотиб олишни хоҳлайдиганлар учун шартлар оғир:
🔹 Харидор сунъий сув ҳавзасига эга бўлиши керак
🔹 Ҳайвонлар яшаши учун махсус шароитлар яратиши шарт
🔹 Транспорт ва логистика харажатлари ҳам харидор зиммасида
🔹 Шартларга риоя қилмаслик — 300 минг юанлик (41 минг долларлик) жаримага олиб келиши мумкин!

Тимсоҳлар — Хитойда юқори даромад келтирадиган жонзотлар сирасига киради. Улардан 100 дан ортиқ турдаги маҳсулот тайёрланади: гўшти, териси, ҳатто косметика ва вино ишлаб чиқаришда ҳам ишлатилади! Бу сафар сотувга қўйилган судралиб юрувчилар — сиам тимсоҳлари, улар Хитойда тижорат мақсадларида фойдаланишга рухсат берилган ҳайвонлар рўйхатида бор.

Лекин... харидор йўқ!

Қизиғи шундаки, 4 минг нафардан ортиқ киши аукцион эълонини кўрган, аммо ҳозирча ҳеч ким иштирок этиш учун рўйхатдан ўтмаган. Бу эса суднинг тимсоҳларни сотиш борасидаги учинчи уриниши. Илгариги иккита аукцион ҳам натижа бермаган эди.

Қайси тадбиркор чиқиб, бу “қалтис” бизнесга қўл уради? Онлайн кимошдида сотилаётган тирик тимсоҳлар масаласи ҳали анча вақт муҳокамада қолиши шубҳасиз.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг