
18 апрел, жума куни Оқ уй веб-сайтида COVID-19 пандемияси ҳақида янги саҳифа пайдо бўлди. Унда SARS-CoV-2 коронавирусининг табиий равишда эмас, балки инсон томонидан яратилгани ва Хитойнинг Ухан шаҳридаги лабораториядан чиқиб кетгани ҳақида далиллар келтирилди.
Ҳужжатда вируснинг «табиатда мавжуд бўлмаган биологик хусусиятларга эгалиги» таъкидланган. Шунингдек, бу вирус олдинги пандемияларга ўхшамайди, чунки COVID-19 юқиши учун кўп марта эмас, бир марта таъсир қилишнинг ўзи етарли бўлган.
Оқ уй маълумотига кўра, Ухан вирусология институти Хитойда SARS вирусларини ўрганиш бўйича етакчи марказ ҳисобланади. Ушбу лабораторияда вирус геномини таҳрирлаш ва унинг хусусиятларини ўзгартириш бўйича махсус тажрибалар ўтказилган. АҚШ расмийларига кўра, институтнинг айрим ходимларида COVID-19'га ўхшаш симптомлар 2019 йил кузидаёқ пайдо бўлган, бу эса вируснинг бозорда тарқалишидан анча олдинроқ содир бўлган.
«Агар SARS-CoV-2 вируси табиий равишда келиб чиққан бўлса, бу ҳақдаги маълумотлар ҳозиргача аллақачон эълон қилинган бўлар эди. Аммо бундай маълумотлар йўқ», — дейилади Оқ уйнинг веб-саҳифасида.
Шу билан бирга, Оқ уй Хитой Коммунистик партияси босимига таслим бўлиб, ўз халқаро мажбуриятларини унутган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини (ЖССТ) ҳам кескин танқид қилди. Мазкур саҳифада, шунингдек, АҚШ президентининг собиқ тиббий маслаҳатчиси Энтони Фаучи ҳам вируснинг лабораторияда пайдо бўлгани ҳақидаги назарияни обрўсизлантиришга уринганликда айбланмоқда.
Хозирча Хитой томони ушбу маълумотларга расмий муносабат билдирмаган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар