“Imarat Development” лойиҳаси эгаси Марат Ҳамдамов қўлга олинди

“Imarat Development” қурилиш лойиҳаси билан боғлиқ жиноят иши доирасида икки нафар шахс ушланди. Улар орасида лойиҳа эгаси сифатида танилган Марат Ҳамдамов ҳам бор. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси QALAMPIR.UZ сўровига жавобан маълум қилди.
ИИББ маълумотига кўра, “Imarat Development” лойиҳаси эгаси М.Ҳ. ҳамда Ж.А. жиноят иши доирасида гумонланувчи тариқасида жалб этилган. Улар Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддасига мувофиқ процессуал тартибда ушланган.
Мазкур моддага асосан, суриштирувчи, терговчи ёки прокурорнинг қарори билан ушланган шахс ички ишлар органи ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идорага олиб борилиши керак.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Imarat Development” компанияси раҳбариятига нисбатан фирибгарлик ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш аломатлари бўйича жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинган эди.
Компания атрофидаги можаро Марат Ҳамдамовнинг ижтимоий тармоқлардаги видеомурожаатларидан кейин янада кенг муҳокамага сабаб бўлган. У компанияни ундан тортиб олишга уринишлар бўлаётгани, ўзи ва оиласига нисбатан босим ҳамда таҳдидлар ҳақида гапирган эди.
Ҳозирда ушбу иш бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Гумонланувчиларнинг айби эса суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан белгиланади.






























Изоҳлар 0
…