date
views 390

Ҳиндистон армиясининг Покистонга бостириб кириши муқаррар — мудофаа вазири кескин баёнот берди

Ҳиндистон армиясининг Покистонга бостириб кириши муқаррар — мудофаа вазири кескин баёнот берди
Покистон мудофаа вазири Ҳавожа Асиф Reuters агентлигига берган интервюсида Ҳиндистон қўшинларининг Покистон ҳудудига бостириб кириши энди аниқ ва муқаррар эканини маълум қилди.

«Биз ўз ҳарбий кучларимизни янада мустаҳкамлаб олдик, чунки Ҳиндистон ҳужуми аниқ ва энди унинг олдини олиш имконсиз бўлиб қолди. Бундай шароитда стратегик характердаги муҳим қарорларни қабул қилиш зарур бўлади. Бу қарорлар эса аллақачон қабул қилинган», — деди вазир ўз интервьюсида.

Ҳавожа Асифнинг таъкидлашича, сўнгги кунларда Ҳиндистон томонидан Покистонга нисбатан жуда кескин ва хавотирли баёнотлар янграмоқда. Покистон армияси эса мамлакат ҳукуматини Ҳиндистон томонидан кутилган ҳужум ҳақида хабардор қилган. Шунингдек, вазир Покистон ҳукумати Хитой, Форс кўрфази мамлакатлари, АҚШ ва Буюк Британия каби йирик давлатлар билан доимий алоқада эканлигини билдирган.

Бироқ мудофаа вазири Ҳиндистон томонидан бостириб кириш нима учун муқаррар бўлиб қолгани ҳақида аниқ сабабларни очиқламаган. Шунингдек, бу эҳтимолий ҳужумнинг кўлами тўлиқ миқёсда ёки чекланган шаклда бўлиши мумкинлиги борасида ҳам аниқлик киритмаган.

Айни пайтда Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар жиддий кескинлашган. Бунга 22 апрел куни Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штатида жойлашган Пахалгам шаҳрида юз берган мудҳиш теракт сабаб бўлди. Туристлар кўп ташриф буюрадиган ҳудудда қуролланган террорчилар 26 кишини ўлдирган. Мазкур террорчилик ҳужуми учун Покистон назоратидаги Кашмир ҳудудида фаолият кўрсатадиган террорчи гуруҳ масъулиятни ўз зиммасига олган.

Ҳиндистон ҳукумати мазкур ҳужум учун қисман Покистонни ҳам айбдор деб ҳисобламоқда. Бу воқеалардан сўнг Ҳиндистон ҳукумати Покистон билан чегарани тўлиқ ёпиб, Покистон фуқароларидан мамлакатни тарк этишни талаб қилди.

Ҳар икки мамлакат ҳам ядровий қуролга эга бўлган давлатлар ҳисобланади. Покистон мудофаа вазири эса ядровий қурол фақатгина «давлатимиз мавжудлигига тўғридан-тўғри таҳдид пайдо бўлганда» ишлатилишини таъкидлаган.

Ҳиндистон ва Покистон муносабатларининг кескинлашуви минтақавий ва глобал хавфсизликка жиддий хавф туғдириши мумкинлиги халқаро ҳамжамият томонидан хавотир билан кузатилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ҳиндистон армиясининг Покистонга бостириб кириши муқаррар — мудофаа вазири кескин баёнот берди