
Саудия Арабистони ҳукумати рухсатномасиз ҳаж зиёратини амалга оширишга уринган шахслар ва уларга ёрдам берганларга нисбатан жазо чораларини янада қаттиқлаштирди. Янги қоидалар 29 апрелдан кучга кирган бўлиб, бу ҳақда Saudi Gazette нашри хабар тарқатди.
Эндиликда Макка ва Мадина шаҳарларига фақат махсус ҳаж визаси асосида кириш мумкин. Бошқа турдаги визалар билан ёки рухсатномасиз зиёратни амалга оширишга ҳаракат қилганларга жиддий жазо чоралари кўрилади.
Қонунбузарлик ҳолатлари учун белгиланган жазо чоралари қуйидагиларни ўз ичига олади:
1. Ҳаж зиёратини рухсатномасиз амалга оширган ёки шунга уринганларга 20 000 Саудия риалигача (тахминан 5,3 минг АҚШ доллари) жарима белгиланади. Шунингдек, турли хил ташриф визалари билан Маккага ва муқаддас масканларга кирганларга ҳам худди шундай жазо чоралари қўлланилади.
2. Рухсатсиз зиёрат қилишга уринаётган шахсларга ташриф визаси олиб беришда ёрдамлашган, уларга яшаш ёки яширин туриш учун жой ажратган, ёки ушбу шахсларни шаҳарга олиб борган шахсларга 100 000 Саудия риалигача (тахминан 26 минг АҚШ доллари) жарима белгиланади. Бу жарима ҳар бир қонунбузарлик ҳолати учун алоҳида ҳисобланади.
3. Маккага рухсатсиз кирган ва ҳаж зиёратини амалга оширишга уринган чет эл фуқаролари, шу жумладан, визаси муддати ўтганлар ҳам ўз ватанларига депортация қилинади ва уларга 10 йил давомида Саудия Арабистонига кириш тақиқланади.
4. Ҳаж учун рухсатномаси бўлмаганларни Маккага олиб борган транспорт воситалари суд қарори билан мусодара қилинади.
Шу билан бирга, Саудия Арабистони Туризм вазирлиги 2025 йилги ҳаж мавсумига тайёргарлик давомида махсус баёнот билан чиқиб, 10 июньга қадар Маккада рухсатномасиз зиёратчиларни яшаш жойлари, меҳмонхоналар ёки бошқа турар жойларга жойлаштириш қатъиян тақиқланганлигини эълон қилди.
Бу чоралар мамлакатда тартиб ва хавфсизликни сақлаш ҳамда ҳаж амалини расмий йўл билан амалга оширувчи зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида жорий этилган. Саудия расмийлари аҳолидан ва хорижлик меҳмонлардан янги қоидаларга риоя қилишни ва белгиланган тартибларни бузмасликни талаб қилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар