
Швейцариянинг Цюрих шаҳрида яшовчи 68 ёшли аёл ўз қўшнисининг уй ҳайвонини мунтазам равишда озиқлантиргани сабабли суд олдида жавоб бермоқда. Бу ҳақда Swissinfo нашри хабар тарқатди.
Маълум бўлишича, қария 10 ой мобайнида қўшнисининг Лео номли мушугига мунтазам равишда овқат бериб, уни ўз уйига киритиб турган. Ҳатто мушук бемалол кириб-чиқиши учун аёл ўз уйига махсус эшик ҳам ўрнаттирган.
Мушукнинг ҳақиқий эгалари бир неча бор аёлдан Леога овқат бермасликни талаб қилишган. Бироқ бу талабларга қарамай, мушук аёлнинг уйига тез-тез келиб тураверган ва кейинчалик ўз эгаларининг уйига деярли қайтмас бўлиб қолган. Шу сабабли ҳайвон эгалари 68 ёшли аёлни мушукни ноқонуний равишда ўзлаштириб олганликда айблашган.
Цюрих прокуратураси ушбу масалада аёлга нисбатан 3600 Швейцария франки (тахминан 4300 АҚШ доллари) миқдорида жарима белгилаш ҳамда қўшимча равишда 800 франк ундириш талабини илгари сурган. Бироқ, аёл прокуратуранинг қарорига рози бўлмаган ва иш судга оширилган.
Швейцария қонунчилигига кўра, уй ҳайвонлари шахсий мулк сифатида тан олинади ва ўзгаларнинг уй ҳайвонларини доимий равишда озиқлантириш қонунбузарлик ҳисобланади. Бу каби ҳаракатлар жарима ёки бошқа жазо чораларини кўзда тутади.
Ҳозирда мазкур иш бўйича суд жараёни давом этмоқда. Иш якуни бўйича чиқариладиган қарор мамлакатда келажакда ҳам бундай вазиятларда муҳим прецедент бўлиб хизмат қилиши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар